Истиқлол йиллари жамиятимиздаги барча соҳалар бўйича энг кўп тажрибаларни аввал ўз ҳудудида синовдан ўтказиб, яхши натижалар берганини бошқа вилоятларга оммалаштирган жиззахликларнинг меҳнати ҳар қандай эътирофга лойиқ.
Бугун вилоятда истиқомат қилаётган барча фуқаролар нафақат агросаноат мажмуилари, балки саноат ва ишлаб чиқариш ҳамда бунёдкорлик ишларида ҳам қандай салоҳиятга эга эканликларини амалда исботлаб, бошқаларга ибрат кўрсатишмоқда. Буни вилоятнинг исталган туман ва шаҳарларида бўлган киши яққол кўриши мумкин. Яқин яқинларгача ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолган қишлоқларнинг ободонлаштирилгани, минглаб замонавий намунали уйлар қад ростлагани, туман марказларида эса ўнлаб кўп қаватли уй-жойлар бунёд қилинаётгани, ўнқир-чўнқир кўчалар янгича қиёфага киргани кабилар юртимизда ўтказилаётган ислоҳотлардан илҳомланган тадбиркор ва ишбилармонлар кучи орқали кундан-кунга бўйламоқда. Бунга биргина “Манас”да амалга оширилган ишларни мисол қилиш мумкин.
Жадалликда бошланган шу сингари улкан ишлар ўз муддатида бажарилиб, улардан фуқароларимиз манфаатдор бўлишлари учун кўплар қаторида лойиҳа ташкилотларининг ҳам алоҳида ҳиссалари бор. Ана шундайлардан бири, Жиззах шаҳрида бундан олти йил аввал ташкил этилган “Аtlant architects group” масъулияти чекланган жамиятидир. Жамоа аъзоларининг 60 дан ортиқ турдош корхоналарга нисбатан ютуғи шундаки, ташкилотдаги 30 нафарга яқин ишчи-ходимларнинг аксарияти олий маълумотли, шу соҳани мукаммал ўзлаштирган тажрибали мутахассислардан иборат.
Шундан бўлса керак, буюртмачиларнинг бу жойдан қадами узилмайди. Ташкилот ходимларига етарли шароитлар яратиб берилгани боис шу кунгача бирорта буюртмачи норози бўлиб кетган эмас. Аксинча, ҳар бир буюртма муддатидан аввал тайёрлаб бериляпти. Жумладан, Республика шошилинч тиббий тез ёрдам Жиззах вилояти филиалини тўлиқ реконструкция қилиш, вилоят эндокринология диспансери, Зомин туманидаги сил касалликларига қарши курашиш диспансери, шу тумандаги тиббиёт маркази реконструкцияси, Жиззах шаҳридаги вилоят эндокринология диспансерининг реконструкцияси ҳамда 100 ўринга мўлжалланган поликлиника биноси қурилиши сингариларнинг лойиҳалари шу ташкилот ходимларининг қўлларида сайқал топган.
Сифатли ва камхарж бажариладиган ҳар қандай ишга талабгор ҳам кўп бўлар экан. Жамоа меҳнатларини кўрганлар бошқа соҳалардаги қурилиш ҳамда реконструкция ишлари учун ҳам буюртма бера бошлашди. Чунончи, изчил ислоҳотларнинг дастлабки беш йиллиги даврида Пахтакор туманининг Олтинкўл маҳалласи ва Олмазор ҳудудларида бунёд этилган 540, 420 ўринли мактаблар қурилиши, Мирзачўл туманидаги 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти, шу ҳудуддаги Андижон сув тармоқлари қурилиши учун топосъёмка, геология ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш (сув иншооти, қудуқ ҳамда бурғулаш насос станциялари, сув тармоқлари қурилиши) сингарилар шулар жумласидан.
Лойиҳа ижодкорларининг фидойи меҳнатлари Жиззахдан ташқари бошқа вилоятларда ҳам ўз ўрнини топган. Масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ва туманида, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида оқова ҳамда ичимлик сув тармоқлари, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида бунёд этилган иқтисодий саноат паркида ташқи коммуникация тизимлари қурилиши, Олмазор туманидаги Аҳил маҳалласида оқова сув тармоғини тўла янгилаш каби 180 дан ортиқ рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин.
Бу каби ишлар ортида касбга садоқат ва соҳани мукаммал ўзлаштирганлик туради. Уларни ташкил қилишда лойиҳа ташкилоти раҳбари Юлдузхон Сувонованинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаш лозим. Шифокорлар оиласида таваллуд топган тажрибали мутахассис Жиззах политехника институтининг Шаҳар ва қурилиш факультетини тугатганига ҳам ўн беш йил бўлибди. Ана шундан буён соҳада меҳнат қилиб, устозларидан катта тажриба тўплади. Айни пайтда изланиб, ташаббуслардан чарчамай, билганларини ёшларга ўргатаётгани ютуқларга бош омил бўляпти.

