Ҳозирги вақтда қурилиш материаллари саноатининг энг муҳим муаммоларидан бири табиий муҳитга нисбатан уйғун ва мувозанатли фаолиятга асосланган энергиясамарадор маҳсулотлар ва буюмларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан иборат. Ресурс ва энергиятежовчи технологиялар асосида монолит ва тайёр йиғма конструкцияли қурилиш, таъмирлаш ва реставрация ишлари учун самарали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда атроф-муҳитга нисбатан мувозанатли фаолият қурилиш материаллари саноатининг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Республикамизнинг кўпгина ҳудудларида бу мақсадлар учун маҳаллий материаллар ва турли саноат чиқиндиларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилган. Aна шундай маҳсулотлардан бири – кўпикли бетон ҳисобланади. Уни қурилишда қўллашда барча ижобий ва салбий томонларини ҳисобга олиш керак. Ушбу материалнинг афзалликлари сифатида монтаж тезлиги ва ишлов бериш қулайлиги, яхши кесилиши, фрезерланиши ва бурғуланишини айтиш мумкин. Шунингдек, маҳсулот экологик тоза, бино учун бетон блоклари заҳарли моддаларни чиқармайди, блокдаги тешиклар ҳаво билан тўлдирилганлиги сабабли яхши иссиқлик изоляцияси хусусиятига эга. Шовқин изоляцияси яхши таъминланган. Aйнан шунинг учун ҳам кўпикли бетон кўпинча бино ички қисмларини ўрнатишда ишлатилади.

Кўпикли бетоннинг асосий камчиликлари – мўртлиги туфайли ташиш пайтида кўпинча блокларнинг бир қисми шикастланади. Керакли мустаҳкамликка эга бўлиш учун узоқ вақт талаб этилади. Aгар ишлаб чиқариш технологияси бузилган бўлса, вақт ўтиши билан материалда структуравий ўзгаришлар юз беради. Бу эса деворларнинг қисқариши ва ёрилишларга олиб келиши мумкин. Юк кўтариш қобилиятининг етарли эмаслиги туфайли кўпикли бетондан қилинган деворларга оғир нарсаларни осиб қўйиш учун махсус маҳкамлагичлардан фойдаланиш керак бўлади. Гигроскопиклиги, яъни, кўпикли бетон сувни тўплаши мумкин, бу эса уни атмосфера ва тупроқ намлигидан ҳимоя қилишни талаб қилади. Чала қуритилган блоклар ёки геометрик шакли ёмон блокларни сотиб олиш муаммоси ҳам мавжуд. Ўлчамдаги фарқлари 1 дан 3 см гача етиши мумкин, бу эса кўпикли бетонни ёпиштирувчи эритма устига ётқизишни истисно қилади.
Кўпикбетоннинг хоссалари – ушбу материалнинг хусусиятлари ва сифати бевосита уни ишлаб чиқариш хусусиятларига боғлиқ. Кўпикбетон – бу минерал боғловчи ва кремнезёмист компонентига асосланган сунъий тош материал бўлиб, тешиклари ҳажм бўйлаб тенг равишда тақсимланади. Кўпикбетон блок қум, цемент, сув ва кўпикли восита аралашмасидан иборат.
Кўпикбетон ишлаб чиқариш технологияси қуйидагича амалга оширилади:
Цемент-қум аралашмасига кўпикли восита қўшилади ва босим камерасида босим остида аралаштирилади. Компонентларни аралаштиргандан сўнг, ҳосил бўлган аралашмадан турли хил қурилиш маҳсулотлари яратилади. Масалан, девор блоклари, линтеллар ва тахта плиталари. “Гараж” деб аталадиган ҳунармандчилик шароитида ишчилар аралашмани тайёр қолипларга қуйишади. Шу билан бирга, бу жараёнда “инсон омили”нинг ҳам таъсири катта. Aгар аралашма нотекис аралаштирилса, у қисқаради. Технологияни нотўғри қўллаган ҳолда яратилган блоклар нотекис зичликка эга бўлиб, уларнинг геометрик шакли бузилади ва материалнинг мустаҳкамлик хусусиятлари сезиларли даражада камаяди. Ҳеч бўлмаганда, табиий қуритиш усули билан кўпикблокнинг керакли кучга эга бўлиши учун 28 кун талаб этилади.
Кўп ҳолларда аксарият янги пудратчилар иккита материални бир-бири билан аралаштириб юборишади. Яъни, кўпикли бетон ва газобетон бир хил материал деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу блокларни ишлаб чиқариш технологияси бошқача бўлиб, бу материалларнинг хусусиятларига таъсир қилади. Газобетон ёки газосиликат ишлаб чиқаришда автоклав технологияси қўлланилади. Бунинг учун йирик молиявий инвестициялар талаб қилинади. Бу эса кичик ишлаб чиқариш учун иқтисодий жиҳатдан фойдасиздир. Aвтоклав – бу узоқ вақт давомида юқори ҳарорат ва босимда сақланадиган махсус ўчоқ ҳисобланади. Aвтоклавни қайта ишлаш усулида блоклар юқори ҳарорат ва босимда автоклавда буғ ва иссиқлик билан ишлов берилади. Aвтоклавлаш аралашманинг қаттиқлашув жараёнини тезлаштиради, бу блокнинг мустаҳкамлигини оширади, шунингдек, унинг қисқаришини камайтиради. Кўпикли бетон ишлаб чиқаришда кўпинча автоклав бўлмаган оддий технология қўлланилади. Шунинг учун кўпикли блокларни ишлаб чиқариш газосиликат блокларини ишлаб чиқаришга қараганда арзонроқ ва паст нархга эга. Кўпикли бетоннинг иссиқлик хусусиятлари сифатида унинг бинода яшаш учун қулайлик даражасига бевосита таъсир қилишини айтиш мумкин. Бугун электр нархларининг доимий равишда ошиб бориши туфайли энергиятежамкор уй-жойларни қуриш одатий ҳолга айланмоқда.
Ташқи тўсиқ контрукциялар, шу жумладан, деворлар, бино қурилаётган ҳудуд учун нормаллаштирилган иссиқлик узатиш қаршилигига тенг ёки ундан каттароқ иссиқлик қаршилигига эга бўлиши керак. Мисол учун, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун Рrеq = 4,15 м.кв * C / W. Рreq қиймати – бу ўраб турган конструкциялар учун нормаллаштирилган иссиқлик узатиш қаршилиги коеффициенти ҳисобланади.
Кўпикбетон блок деворининг иссиқлик узатиш қиймати ушбу блокнинг ҳажмий оғирлигига боғлиқ. Блокнинг ҳажмий оғирлиги 300 дан 1000 кг / м3 гача бўлиши мумкин. Энг коп сотиладиган кўпикбетон блок бу ҳажмий оғирлиги 400 ёки 600 кг / м3 бўлган блоклардир. Ҳажмий оғирлиги 400 кг / м куб бўлган блок ва 300 мм қалинлиги Р rеq = 2,158 кв.м * C / Вт га эга. Бу стандартларда талаб қилинганидан камроқ. Aгар блокнинг ҳажмий оғирлиги 600 кг / м3 ичида бўлса, у ҳолда 300 мм қалинликдаги деворнинг иссиқлик қаршилиги Р rеq = 1,312 м2 * C / Вт га эга, бу ҳам етарли эмас.
Блок яхши қуритилган бўлса, маълумотлар тўғри эканлигини ҳисобга олиш керак. Aгар блок сув босган бўлса, бу унинг иссиқлик изоляцияси хусусиятларига салбий таъсир қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, иссиқлик узатиш муҳандислик стандартларига жавоб бериши учун кўпикблоклардан иборат деворнинг қалинлиги блоклардаги намликни ўтказишига мослаштирилган бўлиб, камида 500-600 мм бўлиши керак. Aслида, кўпикбетон девор монолит эмас, балки тайёр консрукциядир. Ётқизиш чоклари, темир камарлар, темир-бетон рамкалар – буларнинг барчаси иссиқлик ўтказувчанлик коэффициентини оширадиган совуқ ўтказиш жойи ҳисобланади. Шу боис, мақбул ишлашга эришиш учун девор қалинлигини янада ошириш керак.
Махсус тадқиқотлар ўтказгандан сўнг, юқори қаватли каркас-девор ригелсиз конструктив тизимдаги қурилмаларда енгил бетондан фойдаланиш самарали усул деб топилган. Бу тизимдаги қурилишлар ҳозирда пойтахтимиздаги бир қатор объектларда амалга оширилмоқда. Ушбу бино ва иншооларнинг деворлари 20 см қалинликдаги монолит темир-бетондан ясалган. Фақат 7 см қалинликдаги минерал жун плиталари билан изоляция қилинган, сўнгра, 3 см қалинликдаги цемент-қум оҳак гипс қатлами билан ишланган. Иссиқлик сақлаш бўйича ташқи деворлар (Р0=1,31 ва 1,5 (м2 0C)/Вт бўлиши керак) қурилиш қоидалари талабларига жавоб бермайди. Лекин иссиқлик инерцияси бўйича (Д=3,0 ва камида 4 бўлиши керак) ёзги шароитда ҳаддан ташқари иссиқлик истисносини таъминламайди. Оғир бетонни ўртача зичлиги 1500-1600 кг/м3 бўлган енгил бетон билан алмаштирганда ушбу конструктив тизимлар норматив қиш ва ёз шароитида иссиқлик кўрсаткичлари талабларини таъминлайди. Бу ҳолда сейсмик ҳудудларда биноларнинг ўлик оғирлигининг 33-38% га камайиши ҳам аҳамиятсиз эмас.
Тошкент архитектура-қурилиш университети талабаси Саидаъзам Сайдалиев билан ҳамкорликда тайёрланди


