Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида, “Ўзбекистон учун бегона транспорт – Метробус” номли мақола чоп этилган эди. Унда шаҳар кўчаларида алоҳида ҳаракатланиш йўлагига эга метро ва автобуснинг қоришиқ намунаси, яъни метробусларнинг хусусияти ва ҳаракатланиш тартиби ҳақида сўз юритилганди. Қизиғи, эндиликда пойтахтимиздаги автобуслар шу кўринишда кўча четлари бўйлаб дахлсиз ҳаракатланиш йўлакларига эга бўлмоқда.
Сир эмас, сўнгги йилларда жамоат транспорти камчиликлар қуршовида қолиб, аҳолига хизмат кўрсатишда кўплаб муаммолар кўзга ташланаётган эди. Уларни бартараф этиш учун ер усти метросининг қурилиш жараёни амалга оширилиб, янги транспорт воситалари харид қилинди. Бугун эса мазкур жараёнлар янги босқичга кўтарилди.
Наврўзгача 2000 та автобус олинади
Албатта, бугун тирбандликлар пойтахт кўчаларининг ўзига хос “тимсолига” айланган. Йўл ҳаракатини тартибга солишга масъул идоралар, йўл-лойиҳа институтлари кўплаб инновацион лойиҳаларни илгари суриб, тирбандликни камайтиришга доир ишларни амалга оширишяпти. Автобуслар учун очиқ йўлакларнинг ишга туширилиши эса, мақсадли лойиҳалардан бири бўлди, дейиш мумкин.
Президентимиз ўз Мурожаатномасида жамоат транспорти билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратиб, Наврўз байрамигача республикага 2000 та автобус олиб келинишини таъкидлади. Айни пайтда жамоат транспорти билан боғлиқ масалалар ва муаммолар бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди. Шунингдек, режаларга мувофиқ тез орада Тошкент шаҳрида 7 та метро бекати ишга тушиши натижасида жамоат транспорти буткул ўзгариб, ҳар куни 500 мингдан зиёд аҳоли ва меҳмонлари учун қулайликлар ташкил этилади. Жамоат транспорти бўйича аҳвол оғир бўлган 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин бўлишига урғу берилиб, жамоат транспорти тизимидаги муаммолар бартараф этилиши таъминланади.
Автобуслар учун алоҳида йўлак очилди
Шу кунларда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари кўчаларнинг алоҳида ажратиб чиқилган қисмларини кўриб, ҳаракатланишда бироз ўнғайсиз бўлаётганликлари табиий. Жамоат транспорти ҳаракатини тартибга солиш мақсадида пойтахтнинг айрим кўчаларида автобуслар учун алоҳида йўл қисмлари ташкил этилди. Қоидабузарликлар автобусларга ўрнатилган видеорегистраторлар орқали автоматик қайд этиб борилади.
– Жамоат транспорти ҳаракатланишини тартибга солиш муҳим масалалардан бири, – деди “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бўлим бошлиғи Мурод Мусахўжаев. – Ҳозирги кунда автобусларга ўрнатилган видеорегистраторлар транспорт воситаларининг олдида кескин ҳаракат қилаётган ва автобус йўлакларида қаровсиз қолдирилган автомобилларни аниқлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларига тақдим этади.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 850-870 та қатнов йўналишидаги автобуслар сони 1050-1090 тага кўпайтирилган. Уларнинг оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқартирилган. Ҳозирда бу автобуслар ҳаракатланиши учун тажриба-синов тариқасида марказий кўчаларда йўлаклар ташкил этиляпти. 2 ой оралиғида бундай бўлакларнинг узунлиги 475 километрга етиши айтилмоқда. Автобус бўлагида бошқа машиналарнинг ҳаракатланиши жаримага сабаб бўлади.
Лойиҳа ўзини оқламоқда, аммо…
Тирбандликларни асосан эрталаб ва кечки пайтлари кузатиш мумкин. Тошкент шаҳри кўчаларида автобуслар ҳаракатланиши учун алоҳида йўл бўлакларининг ташкил этилиши эса кўплаб салбий оқибатларнинг олдини олади. Кенг қатновли кўчаларда эса автомобиллар ҳаракатланишидаги асосий муаммо йўлларнинг торлигидир. Хусусан, уч тасмали йўлларда одатда 4 қатор автомобиль ҳаракати юзага келади. Бу ўринда шахсий автоуловларнинг кириши тақиқланган автобус бўлаги йўлнинг қолган қисмларидаги автомобиль ҳаракатланишига таъсир этиб, такси хизматидан фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдирмоқда.
– Ишхонам Навоий кўчасида жойлашгани учун такси хизматидан кўп фойдаланаман, – деди йўловчи Фаррух Ҳасанов. – Йўлнинг четларида автобус йўлакларининг чизиб қўйилгани кўплаб йўловчиларга ноқулайлик туғдиряпти. Негаки, аксарият автомобиль ҳайдовчилари автобус йўлагидан нарида ҳаракатлангани сабабли йўловчилар такси тутиш учун йўлнинг ички қисмига ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса хавфли ҳаракатни юзага келтириши табиий ҳол.
Сўнгги пайтда тирбандликлар ортида тез тиббий ёрдам автомобиллари билан боғлиқ кўнгилсизликлар кўзга ташланмоқда. Ортиқча тирбандлик ортида мазкур уловларнинг ҳаракатланиши чекланиб, беморлар учун қийинчиликлар юзага келмоқда. Автобус йўлакларида тез тиббий ёрдам уловларининг ҳаракатланиши учун енгилликлар бериш мақсадга мувофиқдек кўринмоқда.
Автобус йўлакларида ҳаракат учун жарима
Айрим кишилар ҳар қандай янгиликка тезда кўникмайди, кўчаларда бунинг исботини кўриш мумкин. Одамлар автобус йўлаклари учун ажратилган қисмларда такси тутишга уринмоқда. Одатда бир таксининг тўхташи ва йўловчи билан нархни келишиш анча вақт талаб этади. Бу эса жарималарга сабаб бўлиши мумкин.
– Автобус йўлакларида автомобилларнинг ҳаракатланиши чекланади, – деди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими Ойбек Раҳмонов. – Узлуксиз чизиғини босиб ўтиб, автобуслар учун ажратилган махсус йўлакда ҳаракатланган автомобиллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни, 150 минг сўм миқдорида жаримага тортилади. Агарда автомобиль ўша йўлакда тўхтаса, тўхтаганда ҳам бу ҳолат йўловчини тушириш ёки чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1286-моддаси билан БҲМ миқдорининг 2 баравари – 600 минг сўм миқдорида жарима жазоси берилади. Келажакда тизимнинг қандай ишлаши тўғрисида жамоатчиликка маълумот берилади.
Жамоат транспорти ҳаракатини тартибга солиш энг муҳим омиллардан биридир. Ҳозирда пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчаларида автобус йўлакларининг ажратилиши йўловчиларнинг вақтини тежашига ва ортиқча асаббузарликлардан узоқ тутишга хизмат қилади.

