|

|

2026 йил 15 Май, Жума
spot_img

Назарбек шаҳарчасида замонавий темир йўл кўприги қурилмоқда

Муҳим хабарлар

Райҳона Хўжаева
Райҳона Хўжаева
2003-2007 йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини бакалавр, 2009 йилда магистратура босқичини тугатган. Унинг таълим-тарбия, маънавий-маърифий, қурилиш-бунёдкорлик мавзуларидаги мақолалари матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинмоқда.

Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудларида ватанимиз мустақиллиги тантаналарига тайёргарлик авжида. Энг улуғ ва энг азиз байрамга юртдошларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида эзгу ишларни амалга оширмоқда. Хоҳ бунёдкорлик, хоҳ ободончилик бўлсин, буларнинг барчаси шу азиз юрт равнақи, ривожи учун хизмат қилиши тайин.

“Ўзбекистон темир йўллари” акция­дорлик жамияти ҳам пойтахтимиз ва вилоятларда халқимиз фаровонлиги ҳамда уларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари билан жонажон ватанимиз ривожига ҳисса қўшиб келаяпти. Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг 13-Кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчаси ҳудудидан ўтган темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмасида барпо этилаётган янги ва замонавий йўл ўтказгич – кўпригини қуриш ишларини жадал суръатларда олиб борилаётгани фикримизнинг исботидир.

Бугун катта ҳажмдаги қурилиш-бун­ёдкорлик ишлари натижасида янги-янги манзиллар, шаҳарчаю маҳаллалар барпо этилиб, аҳоли фаровонлиги ошмоқда. Янги манзиллар эса ўз навбатида йўлларга бўлган эҳтиёжни янада ошириши табиий ҳол. Қолаверса, бугун ҳар бир оилада икки-учтадан автомобиль бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Бу ҳам кун сайин йўлларимизнинг ўтказувчанлик хусусияти пасайиб, уларни кенгайтириш, йўл ўтказувчи кўп­риклар барпо этишга эҳтиёжни янада орттиряпти. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сўнгги йилларда кўплаб кўприклар барпо этилаётганининг бош сабаби ҳам шу – одамларнинг вақтини тежаш, узоғини яқин қилиш, тирбандликларни олдини олишдир.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида ҳам сўнгги йилларда аҳоли сони ортди. Айни пайтда ушбу шаҳарча ҳудудидаги тўққизта маҳаллада 32 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кўпчиликка маълум, уларни бир неча йилдан буён қийнаётган масала ушбу ҳудуддан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли кесишмасининг вақти-вақти билан ёпилиб туриши ва узундан узоқ тир­бандликларнинг келиб чиқиши оқибатида шаҳар маркази ва шаҳарчага етиб олиш масаласининг қийинлашиб бораётгани эди.

Маълумки, 4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темир йўлдан ҳар куни юк поездлари ўтиб туради. Поезд қатнови туфайли автомобиль йўли шлагбаум билан ёпилади, йўллар тўсилади. Баъзида манёвр тепловози йўлни алмаштириб олиши учун қарийб 10 дақиқагача тўсиб қўйилади. Айниқса, эрталаб ва кечқурун йўлнинг ёпилиши натижасида Тошкент шаҳрига ишга келаётган ва ишдан қайтаётган аҳолининг автотранспортларидан иборат улкан тирбандлик ҳосил бўлади.

Эндиликда ушбу муаммонинг ечими топилмоқда, десак адашмаган бўламиз. Чунки ҳудуд аҳолисидан тушган кўплаб мурожаатлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 198-Ф-сонли фармойишига асосан, “4Р253 “Тошкент шаҳри – Туркистон ш/х – Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километ­ридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси буюртмачи сифатида белгиланган. Лойиҳани эса “Йўл-лойи­ҳа бюроси” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари тайёрлади. Бош пудратчиликка “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси таркибидаги 13-Кўп­рикқурилиш отряди танланди.

Лойиҳага кўра, ушбу темир йўл ва автомобиль кесишмасида янги йўл ўтказгични темир йўл остидан тоннель шаклида ўтказиш лойиҳаси бир оз мураккаб. Шундай бўлса-да, натижаси самарали бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида қуйидаги ишларни бажариш режалаштирилган:

  • умумий узунлиги 398 метр, кенглиги 22 метр, кўприк ости баландлиги эса 7 метр бўлган тоннель типидаги йўл ўтказгич қурилишини амалга ошириш;
  • тоннель устидан ўтувчи 3 изли, узунлиги 32.25 метр, кенглиги 18.5 метр­ли, схемаси 2х13 бўлган темир йўл кўприги қуриш;
  • 28 метр узунликда, 12,5 метр кенг­ликдаги автомобиль йўли кўприги қурилиш лойиҳаси пухта ва ҳар бир ҳолат жиддий ўрганиб чиқилгач, тасдиқланиши белгиланган.

– Ушбу йирик лойиҳанинг дастлабки қурилиш ишлари 2021 йилнинг сўнгги ойларида бошланди, – деди 13-Кўприкқурилиш отряди муҳандиси Зафаржон Иргашев. – Дастлаб, тажрибали мутахассисларимиз билан лойи­ҳанинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, замонавий техникаларда тупроқ ишларини бажардик. Шундан сўнг, мустаҳкам темир-бетон пойдеворлари босқичма-босқич тайёрланди. Айни пайтда ер ости йўл ўтказгичининг пойдеворларида қурилиш ишлари тугатилиб, лойиҳа доирасида навбатдаги ишлар бажарилмоқда. 13-Кўприкқурилиш отряди жамоасидан иборат 50 нафарга яқин тажрибали мутахассислар билан 20 дан зиёд замонавий техникаларда янги кўприк қуриш ишларини сифатли олиб боряпмиз.

Муҳандиснинг таъкидлашича, қурилиш объектига зарур бўлган темир-бетон маҳсулотлари “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасига қарашли ташкилотларда ишлаб чиқарилган бўлиб, материаллар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Бугунга қадар лойиҳа доирасида геодезия ишлари амалга оширилиб, қурилиш ҳудудига тушган коммуникацияларни кўчириш ҳамда вақтинчалик темир йўл изини қуриш ишлари олиб бориляпти. Объектнинг тоннель қисмида пойдевор қазиш ишлари 25 минг куб метр (24 фоиз) бажарилиб, бетонланди. 94 дона темир-бетон блоклари монтаж қилиниб, пойдевор қисми билан бириктириш ишлари олиб борилмоқда. 12 та картада котлованларни қайта кўмиш ишлари бажариляпти.

Бир сўз билан айтганда, бугун Назарбек шаҳарчасига олиб боручи 4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темир йўл ҳудудини катта қурилиш майдони, дея таърифласак арзийди. 2023 йилда қуриб битказилиши режалаштирилаётган ушбу замонавий кўприк фойдаланишга топширилгач, 32 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли ва ушбу йўлдан ўтиб қайтаётган бошқа ҳайдовчиларнинг анча вақти тежалади. Қолаверса, автоуловлар тирбандлиги барҳам топиши натижасида атроф-муҳим экологияси мусаффолиги янада яхшиланади.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img