Эътибор берганмисиз, кўпчилик ўқитувчиларнинг фарзанди ҳам келгусида отаси ёки онасинининг изидан бориб, устозлик касбини танлайди. Чунки зиёли муҳитда улғайган инсонда ўқитувчилик, билимга иштиёқ ва билганларини ўзгаларга ўргатиш завқи кучли бўлади. Қаҳрамонимиз Шерзод Узоков ҳам ана шундай ота-онасининг касбини улуғлаб келаётган фарзандлардан биридир.
У бугунги кунда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, доцент лавозимида ишлаб, ота касбини давом эттириб келмоқда. Отаси Хамид Узоков ҳам 40 йилдан зиёд вақт мобайнида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида турли раҳбарлик лавозимларида, кафедра мудири, кафедра доценти вазифаларида фаолият кўрсатган. Онаси ҳам ўқитувчиликдан пенсияга чиққан.
– Хонадонимизга зиёли инсонларнинг ташрифи, улар билан ўтган қизғин суҳбатлар сабаб болалигимдан ўқитувчилик касбига меҳрим ортган, – деди Шерзод Узоков. – Институтни тамомлашимда бошқа касбда ишлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Чунки ўқитувчилик касбини, аллақачон танлаб бўлгандим.
Меҳнат фаолиятини талабалик даврида институтнинг Ахборот технологиялари марказида муҳандис-дастурловчи сифатида бошлаган Шерзод Узоков магистратурани битиргач, Чизма геометрия ва муҳандислик графикаси кафедрасида ўқитувчи, кейинроқ эса деярли 11 йил давомида кафедра мудири лавозимида фаолият кўрсатди. Кафедрада ишлаш мобайнида изланишдан, ўзининг билим ва тажрибасини бойитишдан тўхтамади. Шу орада “Энг яхши педагог” танловида ғолибликни қўлга киритиб, доцент илмий унвонига эга бўлди. Кафедрадаги фаолияти раҳбарият томонидан эътиборга олиниб, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор лавозимига тайинланди.
– Инсон ўзига ўзи объектив баҳо бериши жуда қийин, – деди қаҳрамонимиз суҳбат давомида. – Ўқитувчининг даражасини энг тўғри ва объектив баҳолай оладиган инсонлар бу талабалардир. Ҳозирча улардан фақатгина миннатдорлик ва ижобий фикрлар эшитганим боис, касбим билан фахрланаман. Ўқитувчи сифатида мен учун энг олий баҳо, шу аслида. Устозларим ҳақида сўз кетганда, биринчи навбатда, менда шу касбга меҳр ўйғотган инсон – отам деб биламан. Ҳозирда ҳаёт бўлмасада, у кишининг ҳар бир маслаҳати ва насиҳатини кундалик иш фаолиятимда доимо қўллаб келмоқдаман.
15 йилдан буён архитектура ва дизайн йўналишида талабаларга сабоқ бериб келаётган Шерзод Узоковнинг шогирдлари бугун республикамизнинг турли вилоятларида архитектура, қурилиш соҳасида етакчи мутахассис, раҳбар бўлиб ишламоқда. Шогирдларининг ҳар бир ютуғини ўз ютуғидек қувонч билан қабул қиладиган қаҳрамонимиз бу нарса унинг келгуси фаолиятига улкан мотивация беришини ҳам алоҳида таъкидлади.
Ўқитувчи, умуман, устозга хос хусусиятлар ҳақида сўраганимизда, Шерзод Узоков шундай жавоб берди:
– Ўқитувчи талабаларнинг ҳис-туйғулари, эҳтиёжлари ва муаммоларини тушуниши ва уларни тинглай олиш қобилиятига эга бўлиши керак. Уларни рағбатлантириши, ўқув жараёнида фаол иштирок этишга ундаши керак. Қолаверса, сабр-тоқат қийинчиликларни енгиб ўтиш ва таълим беришда хотиржамликни сақлашга имкон беради. Ўқитувчи доимо талабаларга, уларнинг шахсий фикрига, дунёқарашига ҳурмат билан қараши керак.
Шерзод Узоков каби умидли ва интилувчан устозлар бор экан, келгусида юртимиз бунёдкорлик соҳаси бугунгиданда ёрқинроқ бўлиши, шубҳасиз.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни СамДАҚУдаги барча устозларга муборак бўлсин!



Sherzod Xamidovich haqiqatda ajoyib, mehnatkash, kreativ g‘oyalar bilan yoshlar hayotida muhim rolni kasb etuvchi halol insonlardandur! Sherzod akaga sihat salomatlik tilayman doim) Hurmat bilan Javlon Rashidovich.
RAHMAT