Бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда. Айнан мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунё бизни янгитдан таниди ва тан олди. Ер юзидаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузи ортиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Халқимизнинг миллий манфаатларини таъминлашга қаратилган ички ва ташқи сиёсат борасидаги туб ўзгаришлар, эришилаётган амалий натижалар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Барчамиз инсон қадри олий мезон бўлган янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида қўлга киритган зафарларимизни мустақил тараққиёт ғоясига ҳамиша содиқ, мард ва матонатли халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти маҳсули деб биламиз ва ана шундай олижаноб элнинг фарзандлари эканимиздан чексиз фахрланамиз.

