|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

“Ислоҳотларда ҳиссамиз борлигидан мамнунмиз”

Муҳим хабарлар

Ҳамза Шукуров
Ҳамза Шукуров
2018 йилдан буён “O‘zbekiston bunyodkori” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири сафатида фаолият юритиб келмоқда.

Ўтиб бораётган қимматли вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланаётган юртдошларимиз қисқа фурсатда асрларга татигулик кашфиётларни рўёбга чиқаришяпти, келажакка тамал тоши қўйишяпти. Қўли гул қурувчилар, ҳамкасбларнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида, ҳар қанча гапириш мумкин.

Биргина Самарқанд вилояти бинокорларининг амалга ошираётган юмушлари барчани ҳайратга солади. Ўзим шу соҳа вакили бўлсам-да, кўҳна кентдаги ўзгаришлар, янгиланишларни кўриб беҳад завқланаман. Муҳими, мозийга муҳрланиб қоладиган бундай улкан қурилиш майдонини ҳали халқимиз кўрмаганди.

Дарҳақиқат, бугун қадимий масканимизда меҳнат сурони ҳар қачонгидан авжга чиққан. Одамларнинг яратувчиликка иштиёқи баланд. Президентимиз ташаббуси туфайли бошланган хайрли тадбирлар замирида эса одамларимизга муносиб турмуш шароити яратиш, келгуси авлодга обод Ватан қолдириш, севимли диёримизга ташриф буюрадиган меҳмонлар, сайёҳлар қалбида унга нисбатан меҳр, ҳавас уйғотиш ётганига шубҳа йўқ. Ўзим ҳадис илмининг султони, аллома Исмоил ал-Бухорий қабри мангу қўним топган Пайариқ туманида туғилганман. Ҳар куни ишга отланар эканман, табаррук қадамжо ва унинг атрофида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига кўзим тушади. Ёдгорлик мажмуаси бобомизнинг номига, Ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши учун нақадар улуғвор режалар рўёбга чиқарилмоқда.

Зиёрат туризмининг асосини яратиш мақсадида қилинаётган ҳар бир юмуш қадимий меъморчилигимизнинг анъаналари замонавий архитектура ютуқлари билан уйғунлашган ҳолда акс этаётганига тасаннолар айтаман. Қолаверса, касбим тақозоси билан бу ерда ва бошқа жойларда ҳам қурувчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яратилаётган шароитларга катта эътибор қаратилганидан мамнуният ҳиссини туяман. Қурилишни бошқариш, меъёрий ҳужжатларни намунали юритишда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг йўлга қўйилишини ҳам қўллаб-қувватлайман. Бунинг натижасида тармоқдаги давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилди, ҳужжат электрон шакл­да айланиши таъминланди, муаммолар вақтида ҳал этилмоқда, коррупцион тўсиқларга барҳам бериляпти.

Самарқанд давлат университетининг иқтисод факультетини тугатганим учун бу янгиликлар мазмунини яхши тушунаман ва ўз фаолиятимизда ҳам уларни қўллашга алоҳида аҳамият қаратяпман. Бунинг устига устозларим Улуғмурод Умрзоқов ва Худойберди Ҳамидовдан доим маслаҳат олиб, ўгитларига қулоқ тутаман. Натижада жамоада ҳамиша тартиб-интизом ҳукмрон бўлиб, ютуқларга кенг йўл очиляпти. Жамоа қаерда ишламасин, ўз анъанасига содиқ қолиб, фақат раҳмат эшитишининг боиси ҳам шундан.

Айни кунларда ҳам қурувчиларимиз тиним билмасдан меҳнат қучоғига отланишган. Улар Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали талабалари учун 1 000 ўринли янги ўқув корпусини тиклашда жонбозлик кўрсатишмоқда. Ғайрат Ҳимматов, Бектош Каримов, Арзиқул Қобилов, Жамшид Қобилов каби оловқалб ёшларимиз тенгдош­ларига ўрнак бўлиб, бир кунда икки-уч ҳисса иш бажаришяпти. 15 дан зиёд техникани бошқараётган ҳайдовчи ва машинистлар ҳам қурилишда фаол қатнашишмоқда. Уларнинг барчаси учун қулай шароитлар яратилгани, маошлар вақтида тўланиб, қўшимча рағбатлантирилаётгани шижоат, матонат кўрсатиб ишлашга ундаётганини таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг бундан 5 йил аввал, яъни 2017 йил 7 августдаги фармонига кўра, ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилинган. Бу соҳадошларимизга қаратилган катта эътибор ва ғамхўрликнинг намунасидир. Шу боисдан барча ходимларни, республикамиздаги ҳамкасбларимни байрам билан табриклайман. Улар масъулиятли ва шарафли бурчларини адо этишдан сира чарчашмасин.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img