Ер танлаш. Қурилиш ўрни сиз ҳар куни қатнайдиган жойларга энг узоғи билан 50 км масофада бўлиши керак. Мутахассислар қурилиш майдони “Кичик бўлса ҳам яқин бўлсин”, – деб маслаҳат беришади.
Ер релъефи. Қурилишни бошлашдан олдин ҳудуддаги ер ости сувлари даражасини аниқлаш керак. Бу пойдевор мустаҳкамлиги ва оқова тизими учун муҳим.
Тайёр коммуникация. Ортиқча маблағ сарфлашни ва ҳудудда бир ўзингиз яшашни истамасангиз, одамлар аллақачон яшаётган ҳудудда қурилиш қилинг. Электр симлари, сув ёки газ қувурларини ўзингиз учун тортиб келишни истамассиз ҳар ҳолда? Бундан ташқари бу ҳолатда қўшимча ҳужжатлар тайёрлаш, алоқа симлари, йу́ллар, чиқинди нуқтаси ва бошқа хизматларга ҳам эҳтиёж сезилади. Кириш йу́лларида қурилиш техникалари ҳаракати ҳам қийин бўлади.
Қўшнилар. “Ҳовли олма – қўшни ол” деган нақл бежизга эмас. Бутун дунё давлатларида ҳам ҳеч бўлмаганда энг яқин потенсиал қўшнилар билан танишиш ҳеч қачон зарар қилмаслигига эътибор қаратилади.
Пойдеворли уй харид қилманг. Тугалланмаган пойдевори бўлган участка сотиб олиш деярли 100 % бош оғриғидир. Бу билан сизда уй учун лойиҳа танлаш имкони чекланади. Чунки сиз пойдеворга «боғлангансиз». Ўзингизда лойиҳа бўлса, алоҳида бўш ер майдони харид қилинг.
Қурилиш бюджети. «Узоқ муддатли қурилиш» қилманг! Агар камтарона оилавий уй учун бюджет етарли бўлса, қурилишни бошланг. «Сарой” қуриш учун пул йиғилишини кутманг. Узоқ муддатли қурилиш турли сабабларга кўра «абадий» кечикиши мумкин. Қурилиш сметасини ҳисоблашда шартли «якуний миқдор»дан бироз кўпроқ маблағни киритишни унутманг. Бу билан «тўсатдан қилинадиган харажатлар»дан ўзингизни суғурталаган бўласиз.


