Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева бошчилигидаги мутахассислар аҳолининг коммунал соҳага оид муаммоларини ўрганиш, кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёни билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлишди.
Дастлаб Қўқон шаҳридаги Юксалиш маҳалласида бўлиб, ҳудудда соҳани такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Шунингдек, ўрганиш ишлари Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам давом этди. 300 гектарлик майдонда 40 минг нафар аҳолига мўлжалланган замонавий “Эко шаҳар” барпо этилган бўлиб, мазкур объектда 300 га яқин кўп квартирали уй қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда 73 та кўп квартирали уй қуриб битказилган. Шунингдек, 6 та ижтимоий соҳа объекти барпо этилган. Қайд этиш керакки, ушбу янги уйларни эксплуатация қилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш учун салоҳиятли бошқарув ташкилоти зарур. Шу маънода, Эко шаҳарда бошқарув органи учун маъмурий бино ҳам ташкил этилмоқда. Вазир ўринбосари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва бошқа мутасаддилар билан кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилий масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, бошқарув ташкилоти биносини аҳоли ва ишчи ходимлар учун қулай масканга айлантириш лозимлиги қайд этилди.


