|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Аёзли кунлар авжида уни беталафот ўтказиш учун барча чоралар кўрилмоқда

Муҳим хабарлар

Райҳона Хўжаева
Райҳона Хўжаева
2003-2007 йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини бакалавр, 2009 йилда магистратура босқичини тугатган. Унинг таълим-тарбия, маънавий-маърифий, қурилиш-бунёдкорлик мавзуларидаги мақолалари матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинмоқда.

Айни пайтда кумуш қишнинг асл зийнати бўлмиш оппоқ қор билан қопланган пойтахтимиз ўз гўзаллигининг яна бир қиррасини намоён этмоқда. Оғирлигини кўтаролмай шохлари ергача эгилиб турган дов-дарахтлар, тарновларда қотиб қолган сумалакларнинг ғаройиб шаклларию оёғимиз остида “ғарч-ғурч” қилиб садо бераётган қор товуши… Бу гўзал манзара юртдошларимиз учун қанчалик ажойиб туюлмасин, аммо кишилар саломатлиги ва хавфсизлиги биринчи ўринда турувчи долзарб масаладир.  

Юртимизга Волгабўйи ҳудудларидан Россия ва Европанинг шимолий қисмларида шакл­ланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши оқибатида одатдагидан фарқли равишда кучли совуққа гувоҳ бўлиб турибмиз. Кўп миқдорда ёққан қор эса юртдошларимиздан янада эҳтиёткор бўлишни талаб қилмоқда.

Жорий йилнинг 9 январидан бош­лаб республикамизда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилиши муносабати билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилиб, кўп хонадонли уйларда иссиқлик, ичимлик суви таъминоти, бошқарув ташкилотлари фаолияти юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мақсад – турар жой биноларида истиқомат қилаётган аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва аномал совуқ кунларининг беталафот ўтиши юзасидан бор кучни сафарбар этган ҳолда максимал чора-тадбирлар кўрилишига эришиш.

Мутасаддилар ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан фуқаролардан хавфсизлик чораларини янада оширишни сўрамоқда. Хусусан, бино ва кўп квартирали уйларнинг кириш йўлакларидан чиқишда музламалар мавжудлиги, шунингдек, уйларнинг том ва кириш йўлакларида ҳосил бўлаётган муз бўлаклари (сумалаклар) хавфини инобатга олиб, ҳушёрликни ошириш ва эҳтиёт бўлиш, дарахт шохлари ёхуд улардан тушадиган қор уюмларидан транспорт воситаларини эҳтиёт қилиш мақсадида уларни махсус тўхташ учун ажратилган бўш жойларда қолдириш, кўп квартирали уйларнинг йўлакларидан кириш ва чиқишда ортиқча иссиқлик йўқотилишининг олдини олиш учун эшикларни ёпиб юриш, аҳоли турар жойларига кираётганда автоулов тезлигини пасайтириш ва транспортлар орасидаги масофани сақлаш, кечки ва тунги вақтда сабабсиз ташқарига чиқмаслик, жамоат транспортидан фойдаланиш, фавқулодда вазиятлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ плиталарини тунги вақтда ёниқ ҳолатда қолдирмаслик кабилар шулар жумласидандир.

Юқоридаги чора-тадбирларни амалга оширишда айниқса, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан кенг ҳажмдаги ишлар бажариляпти. Хусусан, бошқарувчи ташкилотлар ходимларини кенг жалб қилган ҳолда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ҳамда уларга туташ ҳудудларни қор ва муздан тозалаш, муз бўлаклари ва йиқилган дарахт ҳамда кўчатларни олиб ташлаш жараёнлари тезкорлик билан кечаю кундуз амалга оширилмоқда.

Бу тадбирларни бажариш учун рес­публикадаги барча бошқарув компания­лари томонидан ишчи-ходимлар жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари қордан тозаланиб, қум-туз аралашмаси сепилмоқда. Бу ишлар ҳудудларда ҳам жадаллик билан олиб бориляпти.

Жумладан, ҳозирга қадар берилган маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида бошқарув органлари томонидан бу ишларга 191 ишчи-ходим жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг 613 та кириш йўлаклари қордан тозаланиб, 3 123 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудида қор ёғиши натижасида 11 та манзарали дарахтнинг синиши кузатилган. Навоий вилоятида бошқарув органлари томонидан 485 нафар ишчи-ходим жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг 3 880 та кириш йўлаклари қордан тозаланиб, 62 080 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Бухоро вилоятида бошқарув органларининг 315 ишчи-ходими томонидан кўп квартирали уйларнинг 6 599 та кириш йўлак­лари қордан тозаланди. Қашқадарё вилоятида 364 та ишчи-ходимлар кўп квартирали уйларнинг 4 293 та кириш йўлакларини қордан тозалашди ҳамда 3 535 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида бошқарув органлари томонидан 477 нафар ишчи-ходимлар жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг 7 032 та кириш йўлаклари қордан тозаланди ҳамда 16 521 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Бу чора-тадбирлар Сирдарё вилоятида ҳам амалга оширилиб, 361 ишчи кўп квартирали уйларнинг 1 083 та кириш йўлакларини қордан тозалашди ҳамда 16 938 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Сурхондарё вилоятида бошқарув органлари томонидан 48 ишчи-ходим кўп квартирали уйларнинг 575 та кириш йўлакларини қордан тозалаб, 1 665 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмасини сепишди. Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудида қор ёғиши натижасида 3 та манзарали дарахтнинг синиши кузатилган. Тошкент вилоятида эса 282 та ишчи-ходимлар жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг 5 464 та кириш йўлаклари қордан тозаланиб, 191 240 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бош­қарув органлари томонидан 2 486 ишчи-ходим жалб қилиниб, кўп квартирали уйларнинг 10 300 та кириш йўлаклари қордан тозаланди. 123 603 квадрат метр майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудида қор ёғиши натижаси 688 та манзарали, 57 та мевали дарахтларнинг синиши кузатилган. Кўп қаватли уйлар атрофини хавфсизлаштиришга махсус техникалар ҳам жалб этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида қор тозалаш ишларига 200 дан ортиқ техника – қор тозалаш машиналари (60 дона), цилиндрсимон чўтка ва роликлар билан жиҳозланган самосваллар (80 дона), кўчаларни қум-туз аралашмаси билан тозалаш ва сепиш учун махсус автомашиналар (53), аралашма юклагичлар (10 дан ортиқ) жалб қилинган. Аёзли кунларда туман ободонлаштириш бўлимларининг 4000 дан 6000 нафаргача ходимлари йўлакларни тозаламоқда. Музлаган юзаларда сирпаниб кетмаслик ва уни эритиш учун қум ва туз аралашмаси ишлатиляпти.

Кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотлари ходимлари кун-у тун аҳоли хавфсизлиги учун меҳнат қилмоқда. Кунни кун, тунни тун демай тер тўкаётган ходимлар хизматини қадрлаб, уларга имкон қадар ёрдам бериш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Кимдир бир пиёла иссиқ чой, кимдир егулик, яна кимдир эса ҳориган ишчиларга ёрдам қўлини чўзган ана шундай мураккаб вазиятда ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бирдамлик каби фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда, десак адашмаган бўламиз.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img