Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига қулай турмуш шароитини яратишга қаратилган ишлар олис Форишда ҳам изчил олиб бориляпти. Айни кунларда қатор ижтимоий соҳа объектларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Янги ўқув йили олдидан таълим максанларида реконструкция ишлари белгиланган давлат дастурлари асосида давом этмоқда. Хусусан, Фориш тумани марказидаги 280 ўринли 1-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирланяпти. Асосий икки бинони боғловчи иншоат янгиланиб, бино ичларида сувоқ ишлари якунланди. Шу кунларда биноларнинг ташқи фасадларини пардозлаш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, дастур асосида 43 ҳамда 19 умумтаълим мактабларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Дарвоқе, бу йил 6-сон давлат мактабгача таълим ташкилотига лойиҳа асосида иситиш тизими ўрнатилди. Бундан ташқари, эҳтижёдан келиб чиқиб Оқ тепа маҳалласидаги 30-умумтаълим мактабига ҳам қўшимча 180 ўринли янги бино қуриб берилди.
Таъкидлаш керак, жорий йилда Форишдаги маҳаллий аҳамиятдаги йўллар сифати ҳам яхшиланди. 14 млрд сўмлик маблағ ҳисобига Нарвон маҳалласида 17 километр йўл таъмирланиб, Дарбоза маҳалласига элитувчи йўлнинг 10 км асфальт қисми реконструкция қилинди. Шунингдек, Учма қишлоғидаги 4 километр йўл ҳам таъмирдан чиқди. Шу кунларда йўлсозлар тоғ орти яъни, Гараша ва Қоробдол қишлоқларида ҳам таъмирлаш ишларини олиб боришмоқда. Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасида ҳам таъмирлаш ишлари кетмоқда. 3 қаватли даволаш бўлими қайта реконструкция қилинмоқда. Ҳозирга қадар айрим маҳаллаларда ичимлик суви масаласи ҳам муаммо эди. Бу йил жами 15 млрд 424 млн сўм маблағ ҳисобига Амир Темур, Эгизбулоқ, Оқтом, Осмонсой ва Оқтепа маҳаллаларида жами 61 км сув тармоқлари тортилиб, 11 та сув иншоати ўрнатиш ишлари олиб борилди. Айтиш керакки, инфратузилма объектларининг яхшиланиши нафақат маҳаллий аҳоли учун қулай шароитларни яратади, балки шу билан бирга Нурота тоғлари, Айдар кўл бўйларига саёҳатга келувчи сайёҳлар сонининг ошишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


