Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-278-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини соҳа вакилларига тушунтириш, уларни қизиқтирган саволларга батафсил маълумот бериш мақсадида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи бошқарув ташкилотлари
учун семинар-тренинг ташкил этилди. Семинарда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов, вазир ўринбосари Озода Жўраева ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди. Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги асосий муаммолардан бири бу аҳолининг дебитор қарздорлиги билан боғлиқ
масалалар эди. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, республика бўйича жами дебитор қарздорлик 470 млрд сўмдан ошганлигини кўриш мумкин. Кўп квартирали уйдаги кўчмас мулк олди-сотди қилинганида мулк билан бирга унинг бошқарувчи ташкилотга бўлган қарздорлиги ҳам янги мулкдорга қопланмасдан ўтмоқда. Шу боис,
қарорнинг 2-бандида 2024 йил январдан бошлаб, нотариус томонидан кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар мулкдорнинг мажбурий бадал бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланганидан сўнг тасдиқланиши, янги мулкдорга унда уй-жой-
га бўлган мулк ҳуқуқи юзага келган пайтдан эътиборан умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий тўловларни амалга ошириш мажбурияти белгиланмоқда.
Бугунги кунда кўп квартирали уйларни эксплуатация қилиш тарифларининг ўртача миқдори 1 квадрат метр учун 554 сўмни ташкил қилади. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туманларида тариф 1 квадрат метр
учун 800 сўмгача бўлиб, ушбу маблағлар эксплуатация харажатларини қопламайди. Мазкур муаммо бошқарувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир ўтказиши табиий. Шу боис, қарор билан Қурилиш ва уй-жой
коммунал хўжалиги вазирлиги мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг энг кам миқдорини белгилаши кўзда тутилмоқда.


