Мамлакатимиз аҳолисини электр ва иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ўз фаолиятини белгиланган тартибда ва самарали ташкил этиб келди. Хусусан, АЖ томонидан 2025 йилнинг биринчи чораги давомида 7,7 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 100 фоизга бажарилди. Иссиқлик энергияси эса белгиланган 1,3 миллион Гкалл ўрнига 1,4 миллион Гкалл ишлаб чиқарилди.
Шунингдек, АЖ томонидан 2025 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 17 та инвестиция лойиҳаси доирасида режа бўйича 701,9 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши белгиланган эди. Бунда жорий йилнинг биринчи чорагида ўзлаштирилиши белгиланган маблағ 53,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, амалда лойиҳалар доирасида 138,5 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди.
Булардан ташқари, ҳозирда “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 маҳаллада когенерация лойиҳаларини амалга ошириш” инвестиция лойиҳаси доирасида Сергели ва Юнусобод туманидаги 4-сон
иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга газ-поршенли қурилма бунёд этилмоқда. Шунингдек, айни пайтда Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 1065 МВт ва Навоий ИЭСда эса 650 МВт бўлган замонавий буғ газ қурилмаларини бунёд
этиш ишлари ҳам давом эттириляпти.

