Ҳар соҳада тараққий этиб, дунёга юз тутаётган юртимиз истиқлолга эришганига яқинда 33 йил тўлади. Бир инсоннинг айни етуклик палласига тенг бўлган ушбу йиллар давомида диёримиз ҳам таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу юксалишлар замирида айнан қурилиш-бунёдкорлик соҳасининг ҳам ўзига хос ўрни борлигини таъкидлаш лозим. Бу ўзгаришу янгиланишлардан кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд ҳам четда қолаётгани йўқ. Йил сайин янгидан янги иншоотлар барпо этилиши туфайли диёримизга келаётган сайёҳлар оқими ҳам янада кўпайган. Қадимий иморатлар билан бир қаторда замонавий шаҳарсозликнинг ёрқин намуналари ҳам дунё аҳлининг эътиборини тортаётгани заҳматкаш бунёдкорларга ҳам катта масъулият юкламоқда.
Зеро, бугунги кунда Президентимиз томонидан аҳолининг кайфиятига бевосита таъсир қилувчи муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларни рози қилиш мақсадида кўплаб устувор вазифалар белгилаб берилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари ҳузурида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалик, транспорт ва экология соҳаси бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ҳамда қарор ва фармойишлардан келиб чиқиб, вилоятимизни янада гуллаб-яшнаши, равнақ топиши мақса- дида биз ҳам бир қатор ишларни амалга оширяпмиз.
Биргина 2023 йилда Инвестиция дастури доирасида 1 трлн 190 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг ҳисобига 194 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилди. 2024 йилда ҳам бу ишларнинг давоми сифатида 1,5 трлн сўм маблағ эвазига 244 та объектда, жумладан, 32 200 ўқувчи ўринли 106 та умумтаълим мактаби, 27 та мактабгача таълим ташкилоти, 4 та олий таълим, 10 та тиббиёт муассасасида қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён 371 млрд сўм маблағ эвазига 663,0 километр йўллар реконструкция қилиниб, таъмирланди. Жумладан, 8 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинган бўлса, 145 километр ички кўчаларга асфальт, 500 километрдан зиёд кўчаларга шағал қопламаси ётқизилди. Йил якунига қадар эса 1 631 километр кўчаларни таъмирлаш режалаштирилмоқда. Жумладан, 508 километр ички кўчаларга асфальт, 1 000 кмдан зиёд кўчаларга шағал қопламаси ётқизилади, 5 та янги кўприк қурилиб, 18 та кўприк таъмирланади. Аҳолининг ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг биринчи ярмида 35,8 километр сув тармоқлари қурилди, 35 дона насос энергия тежамкорларига алмаштирилди. Мисол учун, Каттақўрғон туманида 20 км сув тармоғи, 4 дона янги сув насоси қурилиши ва 8 та сув насосини таъмирланиши ҳисобига 3 та маҳалладаги 1 минг 500 нафардан зиёд аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланган бўлса, 1,5 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, давлат дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жорий йил якунига қадар 8 та янги сув иншооти ва 193 километр сув тармоқларини қуриш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу ишлар натижасида, йил якунига қадар 150 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади, 81,9 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, марказлашган сув таъминоти 74,5 фоиздан 78,6 фоизга етказилади. Амалга оширилаётган ишларга мисол қилиб, Нуробод туманидаги “Нуробод-Дамхўжа” сув сақлаш иншооти- ни реконструкция қилиш ва 95,8 км ичимлик сув тизимларини қуришни айтишимиз мумкин.



