Андижон вилоятининг Марҳамат туманида таълимнинг Финляндия услубини жорий этишга киришилди. Бунинг учун 29 миллиард сўмдан иборат лойиҳа асосида янги таълим муассасаси барпо этилмоқда.
– Ушбу таълим маскани 550 ўринли бўлиб, у мактабгача таълим ташкилотидан олий таълимгача бўлган босқични ўзида қамраб олади, – деди туман ҳокими ўринбосари Дилхушбек Исмоилов. – Фан синф хоналарининг мавжудлиги ўқувчиларнинг чуқурлаштирилган таълим олишига имкон беради. Қолаверса, замонавий касблардан бири бўлмиш маркетинг йўналишида ҳам машғулотлар олиб борилади. Ушбу таълим муассасасида ўзлаштира олмайдиган ўқувчи бўлмайди. Боиси, синфдошларидан ортда қолаётган ўғил-қизлар билан якка тартибда шуғулланилади. Спорт, маданият ва таълим йўналишида юқори натижаларни қайд этган ўқувчиларга 10 фоиздан 100 фоизгача грантлар ва ҳаттоки кешбэклар бериб борилади.
“Ёш дипломатлар” МЧЖ томонидан ташкил этилаётган ушбу лойиҳанинг қурилиш ишларини “Мустафо савдо қурилиш” МЧЖ жамоаси олиб бормоқда. Муассаса фаолияти йўлга қўйилгач, ўқувчилар ҳатто ёзги таътил даврида ҳам таълимдан узилиб қолмайди. Бунинг учун “Таълим ўйини” ёзги оромгоҳи ташкил этилади ва унда ўқувчиларга интерактив усулда таълим берилади.
Бир сўз билан айтганда, Марҳаматда таълим соҳасига янгича йўналиш орқали фарзандларимизнинг баркамол вояга етишлари учун қулай муҳит яратилмоқда.


