|

|

2026 йил 11 Май, Душанба
spot_img

Оилавий анъанага айланган қурувчилик касби…

Муҳим хабарлар

Ислом Ибодулла
Ислом Ибодулла
"2015-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетида таҳсил олган. 2020 йилда Туркия республикасининг Bandırma Ön yedi eylül üniversitesi таркибидаги касб-ҳунар таълимига ихтисослашган ўқув курси тингловчиси. 2021 йилдан эътиборан “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири."

Қашқадарё воҳасида қурилиш-бунёдкорлик анъаналари кўп асрлик тарихга эга. Ўлкада олиб борилаётган қурилиш-реконструкция ишларининг салмоғи бунга мисол бўла олади. Йўл қурилишдан тортиб, йирик ижтимоий объектларгача бўлган узун қурилиш тармоғи Қашқадарёнинг бугунги кўркини таъминловчи унсур бўлмоқда. Миришкор бошқарувчи Учқун Эшқобилов бошчилигидаги 2012 йилда ташкил этилган “Юксак замин” масъулияти чекланган жамияти ҳудуднинг меъморий ландшафтининг хилма-хиллигига ҳисса қўшиб келаётган серғайрат корхоналардан биридир.

Юртнинг ободлиги, халқнинг фаровонлиги маҳалла ва қишлоқлардан бош­ланиши бор гап. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, маҳалла бинолари ва тиббиёт муассасалари, қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари янгича қиёфа касб этмоқда.

Қурилиш индустрияси негизини давлат, акциядорлик жамиятлари, пудрат қурилиш-монтаж ташкилотлари, шунинг­дек, ўз моддий-техника базасига, малакали ишчи ва мутахассис кадрларга эга бўлган корхоналар ташкил этади. Ўзбек­истонда қурилиш компаниялари, корпорациялари, қурилиш акциядорлик жамиятлари ва бирлашмалари, қуйи пудрат ташкилотлари, кичик корхоналар, қўшма корхоналари фаолият кўрсатади. Қурилиш ишларининг деярли барчасини ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари амалга оширади. Бу каби компаниялар ўз ўрнида миллий қурилиш тизимининг ҳаракатлантирувчилари ҳисобланади. Шубҳасиз, “Юксак замин” масъулияти чекланган жамияти шундай ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Яқин ўтган даврларда “Юксак замин” масъулияти чекланган жамияти Шўртан нефть-газ акциядорлик жамиятига қарашли ёқилғини қайта ишлаш заводи ходимлари учун 200 ўринли ётоқхона қурилишини якунлади. Ғузор туманидаги Қовчин қишлоғида болалар мактабгача таълим ташкилоти қурилиши тўлиқ тугатилди. Шунингдек, касалхоналар, мактаб­лар ва бошқа турдаги ижтимоий объектларнинг қурилишларини амалга ошириб келмоқда.

– Ҳозирги даврда Қашқадарё вилоя­тининг Нишон туманида ўрта таълим мактабининг қурилиш ишларини олиб боряпмиз. – деди корхона раҳбари Учқун Эшқобилов. – Шунингдек, Косон тумани ҳудудида ўз маблағларимиз ҳисобидан аҳоли учун турар жой биноларининг қурилишини давом эттирмоқдамиз. Мазкур қурилиш ишлари бевосита тендер савдолари орқали ютиб олинган объектларда олиб борилмоқда. 20 хонадондан иборат 6 қаватли бинолар келажакда Косон тумани учун муносиб яшаш ҳудудига айланишига аминмиз. Айтиш жоизки, корхонамизнинг алоҳида тармоғи ҳисоб­ланадиган ишлаб чиқариш тармоғимиз орқали нафақат ўзимизнинг қурилиш объектларига, балки бошқа қурилиш корхоналари учун ҳам зарур материалларни етказиб бермоқдамиз.

“Юксак замин” МЧЖга қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғида қурилишнинг таянчи ҳисобланмиш ғишт, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу корхонанинг мавжуд қурилиш жараёнлари учун том маънода таъминловчи унсур бўлиб хизмат қилмоқда. Улкан кранлар, юк ташувчи автомобиллар, бетон қориш ускуналари тун-у кун қурувчиларнинг хизматига шай бўлмоқда. Бундай суронли қурилиш жараёнлари ўз ўрнида кишиларнинг ижтимоий ҳимояланиши, фаровонлигининг оширилиши ва воҳанинг иқтисодий салоҳиятининг ўсишига муносиб туртки бўлмоқда.

2021 йилда 7 млрд сўм ҳажмдаги лойиҳа амалга оширилди. Нишон туманининг Қори Ниёзий ва Ўзбекистон кўчаларида велойўлаклар қуриб битказилди. Ушбу қурилиш-ободонлаштириш жараёнлари учун корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган бетон маҳсулотларидан фойдаланишга ўтилди. Шунингдек, корхона Қашқадарё воҳасининг Касби туманига қарашли Қамаши қишлоғида 8-оилавий поликлиниканинг реконструкция-таъмирлаш ишларини олиб бориб, аҳолининг тиббий саломатлигини оширишга мўлжалланган мўъжаз масканни барпо этди.

– Ҳозирги кунда корхонада 60 нафар ходим фаолият олиб бормоқда, – деди Учқун Эшқобилов. – Аммо қурилиш ҳаж­ми ва мавсумга қараб ёлланма ишчилар кучидан фойдаланилади. Умуман, қурилиш ва бу анъана оиламизнинг иш фаолиятига айланиб улгурган. Фарзанд­ларим ҳам қурилиш ва архитектура соҳасида билим олиб, ҳозирги кунда хорижий компаниялар иштирокидаги инвестициявий лойиҳаларнинг реконструкциясига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда ҳам “Юксак замин” масъулияти чекланган жамиятига қарашли қурилиш майдонларида ишлар қизғин давом этмоқда. Ёзнинг иссиғида ҳам корхонанинг меҳнаткаш жамоаси энг юқори савияда реконструкция жараёнларига урғу бермоқда. Хусусан, Қарши шаҳридаги Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудида 14 млрд сўм маблағ ҳисобига туғруқхона биноси қурилиши бош­лаб юборилган. Ҳозирда мазкур қурилиш объектларининг биринчи ва иккинчи босқичлари давом этмоқда.

Мамлакатнинг ривожида қурилиш­ларнинг алоҳида ўрни бор. Бу айниқса, ­ҳозирги давр учун айтилгандек. Мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлигининг бир кўриниши ҳам бевосита қурилиш ва замонавий биноларнинг барпо этилгани ҳисобланади. Ўйлаймизки, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам олиб борилаётган қурилиш ишлари келажакда мамлакат иқтисодиётининг двигателларидан бирига айланади.

 

 

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img