Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак, қурилиш ва бунёдкорлик жуда олис замонлардан бери инсон тафаккурида мавжуд. Одамлар қандай яшаса, шундай қуради, деган қарашда ҳам жон бор, аслида. Қайсидир қабила вакилидан 50 қаватли иморат қуришни талаб қила олмайсизку, ахир. Чунки улар учун бу тамоман бегона, фикрлашига зид. Шу сабаб ҳам ҳаётимизнинг қанчалар фаровон бўлиши онггимиз билан бевосита боғлиқ. Айни замонимизда қурилиш қудратли ва имконияти кенг соҳага айланиб улгурди. Эндиликда одамлар сув устида шаҳарлар қуришни ҳам бемалол уддалаяпти. Осмонўпар биноларнинг қурилиши ҳам одамларни ҳайрон қолдирмай қўйди. Қувонарлиси, юртимизда ҳам бу соҳа сўнгги беш йилда янада жонланди. Қурилиш фирмаларию турар жойлар сони ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда.
Ана шундай фирмалардан бири ҳақида ҳикоя қиламиз.
Бош кентимизда сифатли уйлар ва бизнес марказлар қуришни ўзининг асосий мақсади қилиб олган “Prime Towers” жамоаси қисқа вақт ичида халқимиз ишончини қозона олди. 2017 йилда ташкил топган бу корхона аслида 2010 йилдан бери қурилиш лойиҳалари билан шуғулланиб келади. Бугунги кунда бир қатор йирик лойиҳалар муаллифи сифатида танилиб улгурган ушбу корхонада ишчиларни қадрлаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Кўп хусусий фирмаларда ишга кириш учун норасмий бир ё икки ойлик хизмат ҳаққисиз ишлаш ҳолатлари борлигини эшитамиз. Аммо бу ерда ходим синов муддати асосида қабул қилинса ҳам, ишлаган куни учун пул тўлаб берилар экан. Байрамларда рағбат пуллари берилиши, ҳар ойда вилоятлик ишчилар учун махсус дам олиш кунлари белгиланишини эшитиб тўғриси, унчалик ҳам ишонмадик. Аммо ишчилар ҳам буни тасдиқлагач, хурсанд бўлдик. Бизда ҳам тизимли иш олиб бораётган корхоналар сони ортаётгани қувонарли, албатта. Чунки кўп қурувчилар билан суҳбат қилганимда рағбат пуллари тугул, ойликни вақтида бермасликларидан ёзғиришарди. Айниқса, ётоқ жой ва озиқ-овқатга тузук эътибор бермайдиган фирмалар кўп. Ҳозирда 120 нафар ишчи фаолият кўрсатадиган “Prime Towers” жамоаси ходимларга керакли шароитлар яратиб берганига ўзимиз гувоҳ бўлдикки, эшитганларимиз қуруқ гап эмаслигига ишондик.
Бу ҳақда компания ходимларидан бири Элҳан Мўминов шундай деди:
– Жамоамиз қарийб 15 йиллик тажрибага эга. Биргаликда ўсдик, биргаликда ривожландик. Жамоамиз аъзолари ўз ишининг усталари. Биласиз, бу соҳада ходимларни беш йил бир жойда ушлаб туришнинг ўзи катта гап. Биз эса фаолият бошлаганимиздан бери биргамиз. Бир-биримизни яхши тушунамиз, ишонамиз, меҳнатимизни қадрлаймиз. Иш ҳақининг кечиктирмай берилиши ва лойиҳалар сони кескин ошириб юборилмаслиги доимий назоратда. Қолаверса, корхонамиз томонидан ер танлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кўпроқ табиати яхши, дарахтлари кўп, шаҳар маркази ёки унга яқин ҳудудлардан жой танлаб, сотиб оламиз. Ер сотиб олдинг дегани, дарров нимадир қуриб ташлаш кераклигини англатмайди. Ўйлаб, ҳудудга мос лойиҳа шакллантирамиз. Энг муҳими, ҳар бир лойиҳани ўз вақтида топшириб келяпмиз. Ҳатто бир мижознинг ўзи еттиталаб уй олган пайтлар ҳам бўлган. Шундан биламизки, бизга ишонишади. Биз ҳам бу масъулиятни ҳис қилган ҳолда уларнинг ишончини ҳамиша оқлашга интиламиз. Ҳар бир турар жой биносини қуришдан олдин унинг 100-200 йил эгасига хизмат қилишини ҳисоби олинади. Ҳозирда пойтахтимизнинг яна бир манзилида 10 қаватли бизнес марказини қуряпмиз.
Дарҳақиқат, қурилиш жараёни охирлаб қолган “Prime Residence” лойиҳаси билан танишганимизда, унинг жозибадорлиги, қулайлиги, сифатли тарзда қурилгани эътиборимизни тортди. Премиум классдаги уйлар бўлгани учун алоҳида дид билан ишлангани бир қарашдаёқ сезилади. Қолаверса, компания ўзи барпо қилган уйлар учун қўриқлаш, тозалаш каби бир қанча маиший хизматларни ҳам кўрсатиб келади. Ўз мижозларига ғамхўрлик қилиш ва доимо ҳамнафас бўлишга интилади.


