Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳаётга татбиқ этилганидан буён ҳудудлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг орзу-истаклари рўёб топмоқда. Кичик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарининг бунёд этилиши ҳисобига минглаб кишилар доимий ишли бўляпти. Шунингдек, кўп қаватли турар жойлар қурилиб, йўллар ва ички кўчалар тартибга келтирилмоқда.
Бугунги кунда ана шу дастурлар ижросини таъминлаш жараёнида истеъмолимизга яна бир ибратли ҳаракат, яъни, “Оққўрғонликлар ташаббуси” кириб келди ва у республика бўйлаб оммалаштирилди. Пойтахт вилояти таркибидаги мазкур туман узоқ йиллар эътибордан четда қолиб, ижтимоий соҳалар, айниқса, ишлаб чиқариш тармоқлари ва турар жойларга муҳтожлик, йўллар инфратузилмаси сингари муаммолар ечим кутаётганди.
Ташаббуслар қўллаб-қувватланса, ҳар қандай ишга эришиш мумкинлигини бугун шу ҳудудда мазкур лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар мисолида кўриш мумкин. Туман тасарруфидаги қурилиш соҳасига ихтисослашган тадбиркор ва ишбилармонлар ташаббус билан чиқиб, шу ишга киришгач, корхона ва ташкилотлар ҳам уларни қўллашди. “Менинг маҳаллам –келажагим, фахрим” шиори остида бошланган бунёдкорлик ишлари туфайли маҳаллалар обод манзилга айланиб, туман марказида эса кўп қаватли уйлар, ишлаб чиқариш тармоқлари, хиёбонлар, мактаб ҳамда болалар боғчалари қурилиб, тор кўчалар кенгайтирилди. Қисқа давр оралиғидаги янгиланишлар туман қиёфасини замонавий тусга олиб кирди ва одамларнинг яшаш тарзи, интилишини ҳам ўзгартирди. Бугун ҳам ана шу ибратли ҳаракатлар узлуксиз давом этмоқда.
“Оққўрғонликлар ташаббуси” асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этаётганлардан бири – Учқун Абдуллаев бошчилигидаги “ПМК-ПГС” МЧЖ жамоасидир. Дастлабки фаолиятини вақтинчалик ишсиз юрган ёшлар билан бошлаган тадбиркор ихчам иморатлар қурди. “Устоз-шогирд” анъанасига таяниб, ишчи-ходимларнинг тажрибасини орттирди. Қураётган бино ва иншоотлари замон талабларига мос бўлгани учун буюртмачилар ҳам кун сайин ортаверди.
Биргина мисол, тумандаги 32-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 2-сонли болалар боғчасини таъмирлаш ва қўшимча хоналар қуриш юзасидан икки марта тендер танлови ўтказилди. Бироқ бу ишга талабгорлар чиқмади. Сабаби, ҳар иккаласи ҳам ҳаддан ташқари эскирган ва катта харажат талаб қиларди. Ушбу объектлар қурилишига “таваккал” деб киришган Учқун ака бу бунёдкорликлари келажакда корхонасини нафақат туманда, балки вилоятда ҳам танитишини хаёлига келтирмаганди.
Объектларда сифатли амалга оширилган ишлар ҳеч кимнинг назаридан четда қолмади. Шунга муносиб равишда буюртмачилар ҳам кўпаяверди. Оққўрғон туманидаги “Агробанк” филиали биноси, Санитария-эпидемология маркази, Маданият ва маърифат маркази, шунингдек, Ўрта Чирчиқ тумани Адлия бўлими, Бўка, Қуйи Чирчиқ каби туманларда қад ростлаган бир нечта мактаб, болалар боғчаси, давлат кадастр ташкилоти, маъмурий бинолар Учқун ака раҳбарлигидаги ишчи-ходимларнинг меҳнати маҳсулидир.
Жорий йил бошидан тадбиркор янада катта ишларни бошлади. Қуйи Чирчиқ туманида кўп қаватли турар жой қурилиши учун ўтган тендер танловида фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Ишчиларнинг саъй-ҳаракати ҳамда шартнома асосида қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилгани ҳисобига ушбу объект Мустақиллик байрамининг 32 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Оққўрғон туманидаги 39-ўрта мактаб ҳам сифатли реконструкция қилиниб, ўқувчилар ихтиёрига берилди.


