Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ҳаво ёмонлашиб бораётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу эса пойтахтда истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1-моддасида “Атмосфера ҳавоси табиий ресурсларнинг таркибий қисми бўлиб, у умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади”, дея белгиланган. Яъни, биз нафас олиб турган ҳаво халқнинг умуммиллий бойлигидир.
UzHydroMet маълумотларига кўра, 17 январда Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 119 мкг/м3 ни ташкил этиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 23,8 марта ошди. Маълумотларга қараганда, фанда PM2,5 саратон ва астмага олиб келиши исботланган. PM2,5 заррачалари концентрацияси ҳаво сифатини ва унинг инсон саломатлигига хавф солишини баҳолашда ишлатилаган асосий параметр ҳисобланади. ЖССТ меъёрларига кўра, PM2,5 ўртача йиллик даражаси 10 мкг/м3дан, ўртача суткалик даражаси эса 25 мкг/м3дан ошмаслиги керак. Зарарли заррачалар сурункали равишда нафас орқали инсон организмига кирганида нафас олиш ва қон айланиш тизимини секин‑асталик билан ишдан чиқариши мумкин. Бу заррачалар инсон саломатлигига катта хавф туғдиради, деганидир. Агар пойтахтда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши шундай давом этса, бу аҳолининг ўртача умр кўриш ёшига ҳам таъсир қилади. Оқибатда эса Тошкент шаҳри яшаш учун қулай бўлмаган бир ҳудудга айланиб қолиши ҳам мумкин.
Хўш, ҳавонинг ифлосланишига нималар сабаб бўляпти? Тўғри, ҳозирда глобал иқлим ўзгариши кузатилмоқда. Аммо бу муаммонинг айни ҳудудга тегишли омиллари кўпчиликни ташкил этади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги берган маълумотларга кўра, пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуйидаги омиллар таъсир этмоқда:
- Тошкентда яшил ҳудуд камайган. Жумладан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахт ноқонуний кесилган.
- Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳанузгача давом этмоқда.
- Автотранспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Жумладан, республика бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 млн донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донага етди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.
- Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмаган. Оқибатда Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобиль эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.
- Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 млн тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн тоннага етган. Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар эса атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Маълумот ўрнида, 10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 килограмм қурум, 360 килограмм олтингугурт II оксиди, 64 килограмм углерод оксиди, 16 килограмм азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси ажралиб чиқади.
- Куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд Иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказининг 9 та қозонхонасида декабрь ойида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган.
- Тошкент ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверциялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли, шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди.
Юқоридаларга асосий омиллар сифатида қарайдиган бўлсак, уларнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилиши лозим, деган савол ҳам туғилади. Бу борада мутахассисларимиз бераётган таклифларга ёки хориж тажрибасига таяниб иш кўриш мумкин. Фақат ҳукумат томонидан қатъий ва ижроси таъминланадиган қарорлар ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилса, бўлгани. гидрометеоролог Эркин Абдулаҳадов кўмир ва мазутда ишлайдиган завод ва фабрикаларга дам бериш тизимини йўлга қўйиш кераклиги ва бу усул Қирғизистонда иш берганини айтди.
– Шамол кундузи текисликдан тоғга қараб, кечқурун тоғдан текисликка қараб эсади, демак, заводлар кўпроқ шаҳар периферияларига қурилиши керак, – деди Эркин Абдулаҳадов. – Яъни, завод ва фабрикаларнинг биттасига дам берилса, бошқаси ишлаб туради, шаҳарга заҳарли ҳаво кириб келмайди. Шамол тоққа қараб кетади, заводлар ишлашини шамол гулларига (йўналишига) мослаш керак. Масалан, Бишкек шаҳрининг жануб, шимол, шарқ ва ғарбида ҳам катта-катта корхоналар бор. Шамолдан об-ҳаво оқимидан келиб чиқиб, дастур яратишди. Унга кўра, қайси завод ишлаши кераклиги сигнали берилади. Заводлар бир-бирига таъсир кўрсатмайди. Шунақа дастур Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқиладиган бўлса, яъни заводларга иш ҳажмини тақсимлаб, битта завод кечқурунга, биттаси кундузига куч бериб, шахмат усулида ишласа бўлади.
Шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш учун қатор чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилмоқда. Улардан бири – шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этишдир. Бу борада қўшни мамлакат – Қозоғистон пойтахти Остона тажрибаси ўрганилиб, амалда фойдаланилса бўлади.
2022 йилнинг октябрь ойида Тошкентда V халқаро Нобель фестивали ўтказилди. Унда БМТ бош котибининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси, 2007 йили тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган Рае Квон Чунг ҳам меҳмон сифатида қатнашди. У “Gazeta.uz” нашрига берган интервьюсида шаҳримиз ҳавоси ҳақида ўзининг муносабатини билдирган эди.
– Тошкентга келган куним бахтимга ёмғир ёғаётган экан, ҳаво жуда тоза эди, – деди Рае Квон Чунг. – Лекин ёмғир тингач, ҳақиқатан ҳавонинг ифлослиги, нафас олиб бўлмаслигини сездим. Шахсий машиналарнинг кўплиги, улардан чиқаётган заҳарли тутун туфайли шаҳар ҳавоси меъёридан-да ёмонлашиб бормоқда. Айнан шулар ҳам Тошкент ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Қандайдир ечимини, албатта, топиш шарт. Сизлар жамоат транспортига эътибор қаратишингиз, уларни кўпайтиришингиз керак. Бу ўта муҳим масала. Агар фуқаролар яна шахсий машинасини ҳайдаб юраверса, вазият бундан ҳам ёмонлашади. Одамлар шаҳар ичига ўз автомобилида кирмагани мақбулроқ. Агар жамоат транспорти тезлиги ва сифатли хизмати таъминланса, одамлар, албатта, ундан фойдаланишади.
2023 йил 8 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида масъуллар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказган йиғилишда шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлаганди. Шунингдек, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилганди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига берган ахборотида пойтахтнинг шаҳарсозлик бош режаси йўқлиги муаммолар туғдираётганини таъкидлаб ўтган. Унинг қайд этишича, шаҳарсозлик бош режаси тасдиқланмасдан ҳам қурилиш ишлари амалга ошириляпти. Аслида, яшил зона қаерда бўлса, ўша ерда қурилиш амалга оширилмаслиги керак. Лекин бош режанинг йўқлиги вазирликнинг бу борада самарали ишлашида ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда. Масалан, сўнгги 5 йилда Тошкентда 5400 та объект барпо этилган. Афсуски, дарахтлар кесилишининг катта қисми айнан қурилиш ишлари билан боғлиқлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Шу билан бир қаторда, қурилиш ишларида чанг-тўзонлар кўтарилиши, қолаверса, унда фойдаланилаётган баъзи техника ва қурилмалардан ҳам ҳавони ифлослантирадиган зарарли ташламалар чиқиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддасида “Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлашда, хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга оширишда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар озонни бузувчи моддалардан, таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган ускуналар ва техник қурилмалардан фойдаланиш ҳамда қўллашни тартибга солишга доир чора-тадбирларга риоя этиши лозим. Таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлаши лозим”, дея белгиланган.
Афсуски, қурилишлар, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолиятларда Қонуннинг мазкур моддасига қай даражада амал қилинаётганини ҳозирги пойтахт ҳавосининг аҳволидан ҳам билишимиз мумкин.
Қолаверса, шаҳримизда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларидан чиқаётган ташламалар ҳам ҳаво ифлосланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Айниқса, тирбандликда тўхтаб турган автомобиллар ҳаракатланаётганига қараганда атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради. Бу эса шахсий автомашиналар ҳаракатини камайтириб, жамоат транспортига ўтиш билан бирга, йўл инфратузилмасини ҳам қайта кўриб чиқиш лозимлигини англатади. Бундан ташқари, Европа мамлакатлари каби ички ёнув двигателли транспорт воситаларидан фойдаланишни чеклаб, гибрид автомашиналар ва электромобилларга ўтиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.
Юқоридаги каби фикр-мулоҳазалар ва таклифларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо давлат томонидан аниқ дастур ишлаб чиқилиб, қатъий чора-тадбирлар кўрилмас экан, бу муаммо ечимини топмайди. Аввало, ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган омилларга кескин тақиқ қўйиш, буни бузганлик учун жуда катта миқдорда жарима ва бошқа жазолар тайинланиши керак. Мазкур муаммони бартараф этиш учун айни пайтда ҳукумат ва тегишли органлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, яқин йилларда пойтахт ҳавоси инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ҳудудлардан бирига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.


