Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги осмонўпар, салобатли, кўркам дизайнли биноларни кўриб инсоннинг баҳри дили очилади. Аммо бундай биноларни бунёд этиш ҳам осон иш эмас. Бино ва иншоотларнинг қай даражада қулай ҳамда мукаммал даражада қад ростлашида қурувчилар билан бирга архитекторларнинг ҳам ўрни бениҳоя каттадир. Бу борада Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси – юртимиз меъморларини ҳамжиҳатликка чорлаб, улар учун ўзаро тажриба алмашиш майдонини яратиб берувчи ташкилот сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси 1934 йилда СССР Архитекторлар уюшмаси таркибида ташкил этилган. 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг мустақил нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти ҳисобланади. Мазкур уюшманинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
миллий меъморчиликни ривожлантиришга фаол ёрдам бериш;
архитектура, тарихий-маданий мерос ва табиий муҳитни асраб-авайлашга кўмаклашиш, меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва улардан фойдаланиш;
профессионал ҳамжамиятни бирлаштириш, Меъморлар уюшмаси аъзолари манфаатларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш;
архитектор касбини оммалаштириш, нуфузини ошириш, архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги ижодий ютуқларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш;
архитектурага ва шаҳарсозликка оид қонунлар, меъёрий ҳужжатлар давлат органларининг қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда таклифлар киритиш ва иштирок этиш;
архитектура фаолияти қоидалари, нормалари ва меъёрларига риоя этилишини такомиллаштириш, рағбатлантириш ва назорат қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ёш архитекторларни узлуксиз касбий ривожланиши учун малакасини оширишда қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
республика ва халқаро архитектура кўрик танловлар, фестиваллар, кўргазмалар, конференциялар, семинарлар ва маҳоратли усталар сабоқлари ўтказишни ташкил этиш;
Меъморлар уюшмаси номидан давлат мукофотлари, мукофотларга ва фахрий унвонларга номзодларни кўрсатиш. Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси ҳар йили архитектура, дизайн ва шаҳарсозлик соҳасидаги энг яхши қурилиш, лойиҳалар, илмий ишлар, энг яхши талабалар лойиҳаси бўйича кўрик-танлов ўтказиб келади. Ушбу танловларнинг натижалари бўйича мукофотларни топшириш октябрь ойининг биринчи душанбасида – Бутунжаҳон архитектура кунида бўлиб ўтади. Жорий йилда ҳам ушбу танлов ўтказилиб, муносиб номзодлар ғолиб деб топилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 11-15 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси ва Халқаро Архитекторлар уюшмалари ассоциацияси ҳамкорлигида Архитектура фестивали бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Унда 40 дан ортиқ юқори малакали хорижлик меъморлар, жумладан, хорижий давлатлар архитекторлар уюшмалари раислари иштирок этишди. Мазкур фестиваль қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион тадқиқотлар, архитектура, дизайн, шаҳарсозлик йўналишларини такомиллаштириш, бино ва иншоотларни лойиҳалашда замонавий қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларни татбиқ қилиш борасида атрофлича фикр ва тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилди. Қолаверса, маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг энергиятежамкор биноларни лойиҳалаш, қуриш, геодезия, картография ва кадастр соҳаларини ривожлантириш, меъморчилик анъаналарини кенг қўллаган ҳолда бино ва иншоотларни барпо этиш борасидаги таклиф ва тавсиялари, шу билан биргаликда, янги замонавий, инновацион технологиялар асосидаги ишланмалари намойиш этилди.


