|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Бағдодликларнинг келажакдан умидлари катта

Муҳим хабарлар

Зайлобиддин Йигиталиев
Зайлобиддин Йигиталиев
Айни пайтда Риштон тумани “Риштон ҳақиқати” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаб келмоқда.

Кейинги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида шаҳардагидан қолишмайдиган, миллийлик ва замонавийликни ўзига уйғунлаштирган бири-биридан гўзал бино-иншоотлар, обод манзиллар бунёд этиляпти. Юртдошларимиз қалбида эса бугунги кунга шукроналик, ҳаётидан рози бўлиб яшаш ва ватанимизнинг келажагига ҳисса қўшиш туйғуси янада шаклланмоқда. Бу борада айниқса, “Обод қишлоқ” дастури асосида бажарилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Хусусан, Фарғона вилоятининг Бағдод туманида ҳам бу каби ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Қишлоқлар ўзгача қиёфа касб этмоқда

Жорий йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида туманнинг Чекмирзаобод ва Дашт қишлоқларида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг амалга оширилаётгани аҳолини мамнун қилмоқда.

Айни кунларда ҳар икки қишлоқда 10 минг 895 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Фуқаролар ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларида фаоллик кўрсатиб, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Қишлоқларни замонга мос тарзда қайта қуриш, аҳолининг яшаб, меҳнат қилиши учун “Обод қишлоқ” дастури доирасида республика, маҳаллий, тармоқ корхоналари, ташаббускор тадбиркорлар, аҳоли маблағлари, ҳомийлик ва хайрия тадбирлари ҳамда тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан 20 267,1 миллион сўм йўналтирилган.

Бундан ташқари, қишлоқ йўлларини равонлаштириш, фуқаролар ҳамда автотранспортлар ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш мақсадида ички йўллар қайта таъмирланяпти. Биргина ана шу мақсадлар учун республика бюджетининг автомобиль йўллари захира маблағлари ҳисобидан 5 070,0 млн сўм, хўжаликлараро ва ички йўлларнинг 15 километрни асфальтлаш учун 6 375,0 млн сўм ажратилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 5 460,0 млн сўм маблағ ҳисобига 21 километр тармоқ тортиш ва таъмирлаш, 3 та сув иншооти қуриш режалаштирилган. Шунингдек, электр ва газ таъминотини яхшилаш чоралари кўрилиб, якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланяпти.

– Йигирма йилдан буён Чекмирзаобод қишлоғидаги умумтаълим мактабида ёшларга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келаман, – деди Роҳилахон Мамадалиева. – Қишлоғимизнинг “Обод қишлоқ” дастурига тушгани ҳаммамизни хурсанд қилди. Бугун маҳаллаларимиз улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари туфайли кундан-кунга чирой очиб боряпти. Яқинда ҳамкасбларим билан туманимизнинг дашт ҳудудида барпо этилган “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Гулистон шаҳарчасига бордик. Мўъжаз шаҳарчада ҳамюртларимиз учун яратилган шароитларни кўриб кўз қувнайди. Бағдод тажрибаси сифатида рес­публикада алоҳида эътироф этилган ушбу шаҳарчанинг лойиҳаси кенгайиб, 1 260 та хонадондан иборат 61 та замонавий, кўп қаватли турар жой бинолари қад ростлаган. Оддий қишлоқ аҳли учун яратилган бундай шароитни кўриб, рос­ти, шу юртга, унинг равнақига хизмат қилиш буюк бахт эканлигини яна бир бор ҳис қилдим. Фахрланиб айта оламанки, бизнинг қишлоқ ҳам шаҳардан қолишмайди. Ҳамқишлоқларимиз аҳил, очиқкўнгил, меҳнатсевар. Кимдир мен каби ўқитувчи, яна кимдир томорқасидаги иссиқхонада помидор, бодринг ёки резавор етиштириб халқимиз дастурхонига етказиб беряпти. Даромадидан орттириб, бежирим уйлар қуряпти.

Инфратузилма объектлари – ҳамиша эътиборда

Дарвоқе, тумандаги мавжуд инфратузилма объектларини таъмирлашга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби, 52-мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла гузарларида жорий таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

34-мактабгача таълим ташкилоти биносини жорий таъмирлаш тендер натижаларига кўра ғолиб пудратчи – “Independent broker” хусусий корхонаси чекига тушган бўлиб, айни кунларда бинода таъмирлаш ишлари қизғин.

Туманда аҳоли саломатлигига ҳам катта аҳамият берилаётгани туфайли 9-сонли оилавий поликлиника биносида бош пудратчи – “Orzu ta’mir qurilish fayz” масъулияти чекланган жамияти бун­ёдкорлари томонидан қурилиш ишлари бажарилди. Ултарма қишлоғидаги оилавий поликлиника биносида эса “Shuhratjon” хусусий корхонаси томонидан ана шу каби ишлар бажарилди.

Тунги кўча ёритиш тизимларини янада такомиллаштириш мақсадида Чекмирзаобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд кўчаларга 135 та таянч устунлар ўрнатилиб, 2,2 километр электр тармоқ тортилди. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш маданиятини ошириш мақсадида қишлоқларни туман маркази билан боғловчи авто­буслар қатнови йўлга қўйилиб, йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

– Жорий йилда туманда инвестиция дастурини амалга ошириш мақсадида 6 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган, – деди туман ҳокимининг ўринбосари Умиджон Йигиталиев. – Жумладан, 42- ва 18-сонли умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 47-сонли мактаб­гача таълим ташкилоти биносининг реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, ичимлик суви объектида тармоқ тортиш ва янги қудуқ қазиш ишлари, бино-иншоотларда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам режадагидек бормоқда.

Туман марказининг меъморий қиё­фасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш ишлари ҳам алоҳида назоратга олинган. Айни кунгача объектда бош пудратчи – “Оренд лидер строй” МЧЖ томонидан катта ҳажмдаги ишлар бажарилди.

Саноат зоналари ёшлар бандлигини таъминлаяпти

Сўнгги пайтларда туманда тадбиркорликни ривожлантириш орқали ёшлар учун доимий иш ўринларини яратиш мақсадида янги-янги инновациялар ҳаётга кенг жорий этиляпти. Ҳаётини мазмунли ўтказишини мақсад қилган тадбиркорларнинг изланиб, ички имкониятларини ишга солиб, янги ишлаб чиқаришга жорий қилишлари натижасида жойларда кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Бир-бирини такрорламайдиган турли манфаатли лойиҳаларнинг ишга туширилиши туфайли бугун юзлаб ёшлар доимий иш билан таъминланган.

Бугунги кунда туманнинг 41,3 гектар ер майдонида “Мурувват”, “Истиқлол”, “Дашт”, “Ўзбекистон ММТП”, “Каримбобо” “Миришкор” ва “Аэродром” кичик саноат зоналари ҳамда “Мурувват Ёшлар”, “Миришкор”, “Чигит” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилган бўлиб, улар 275 лотга ажратилган. Шуларнинг 152 таси тадбиркорларга танлов асосида берилган. 123 таси эса айни кунларда тадбиркорлик фаолиятини юритиш мақсадида аукционга чиқариш учун кўриб чиқиляпти.

Ушбу кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарига бугунга қадар 144,1 млрд сўм шундан, ўз маблағи ҳисобидан 97,1 млрд сўм, банк кредитлари ҳисобидан 25,9 млрд сўм ва хорижий инвестициялар ҳисобидан 2,1 млн АҚШ долларлик 93 та лойиҳа жойлаштирилди. Ушбу лойиҳаларнинг 16 таси яқинда фойдаланишга топширилиб, 28,5 млрд сўм маблағ ўзлаштирилди. Натижада 201 нафар янги иш ўрни яратилди.

“Мурувват Ёшлар” саноат ва тадбиркорлик зонаси 2-сектор ҳудудида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 7,3 гектарни ташкил этади. Мазкур саноат зонаси 32 та лотга ажратилган бўлиб, ўтган йили умумий қиймати 30,4 миллиардга тенг 22 та лойиҳа 31 та лотга жойлаштирилди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳаларнинг 11 таси фойдаланишга топширилган ва 135 нафар қишлоқ ёшлари доимий иш ўринлари билан таъминланди. Шунингдек, қолган 11 та лойиҳада айни кунларда қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.

4-сектор ҳудудидаги умумий лойиҳа қиймати 20,6 млрд сўмга тенг “Бағдод ММТП” кичик саноат зонасига 4 та ло­йиҳа жойлаштирилган ва келгусида бу ерда 145 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Эътиборлиси, ушбу ло­йиҳалар ишга туширилса, “GNT CARE” қўшма корхонаси томонидан тиббий ниқоблар ва буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Биргина қишлоқ ёки кичик маҳалланинг обод бўлиши замирида ҳам улкан маъно мужассам. Мана, 31 йилдирки, истиқлол шабадаси туфайли юртимизнинг энг олис ҳудудлари ҳам обод гўшага айланмоқда. Юрт ободми, демак бу аҳоли ҳам фаровон ҳаёт кечиряпти, деганидир. Бунда келажакдан умиди катта бўлган меҳнаткаш бағдодликларнинг ҳам ҳиссаси борлиги уларга чексиз ифтихор туйғусини бағишламоқда.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img