Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида барча корхона ва ташкилотларга қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан берган топшириқлари юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳомийлиги асосида вилоят қурилиш бош бошқармаси биноси қуввати 15 киловатт А категория қурилмали қуёш панеллари билан жиҳозланди.
Яқинда ўтказилган электрон харидлар натижаси бўйича “Solar energy Navoiy” МЧЖ билан умумий қиймати 180 миллион сўмлик шартнома тузилиб, қисқа вақт ичида ўрнатилган ушбу қурилманинг ишга туширилгани, йилига 180 000 кВт электр энергияси тежалишига асос бўлади.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, аҳоли хонадонлари, янгидан тикланган бино ва иншоотларда муқобил энергия манбаларини ўрнатиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатганда фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар мавжуд эмас.
Ушбу энергосамарадор қурилмаларни ўрнатиш ҳисобига хонадонни текин ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. Аҳоли ўз хонадонига ўрнатган қуёш панеллар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда эҳтиёждан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотиш имкониятига эга.

