|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Қандай бино қурмоқдасиз, андижонлик қурувчилар?

Муҳим хабарлар

Зиё Сирож
Зиё Сирож
"Андижон вилояти ҳамда республика оммавий ахборот нашрларида ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий соҳалардаги мақолалари билан иштирок этиб келмоқда. Экология, ҳуқуқ ва маърифий мавзулардаги мақолалари учун “Экожурналистика”, “Йилнинг энг яхши журналисти”, “Оғусиз дунё сари” каби кўрик-танловлар ғолиби. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасининг Андижон вилояти мухбири.

Сўнгги йилларда республикамизда нафақат шаҳарларда, балки чекка қишлоқларда ҳам бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳам бўлса, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир. Зеро, барпо этилаётган янги иншоотлар юртимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётини ривожлантиришга хизмат қилади. Модомики, барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри, унинг манфаати учун экан, қурилиш соҳасида ҳам сон эмас, сифатга бўлган эътибор устуворлик қилмоғи даркор. Афсуски, жойларда бу борада айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, буни инкор этишнинг имкони йўқ. Шундай экан, қурилиш соҳасида амал қилиниши керак бўлган талабларга риоя этиш ҳар бир қурувчининг бурчидир.

Соҳага оид талаблар давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 февралдаги “Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган. Қарор ижросини таъминлаш доирасида жойларда объектларни назорат қилиш ишлари йўлга қў­йилмоқда. Юзага келган камчилик ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўриляпти. Мисол учун, Андижон вилоятида 2022 йил давомида мавжуд 1 673 та қурилиш объектида 6 минг 601 марта мониторинг ишлари ташкил этилди. Натижада, 4 954 та камчилик аниқланиб, шулардан 4 634 таси ўз вақтида бартараф этилди. Афсуски, 317 та ҳолатда қурилиш қатнашчиларига нисбатан ҳуқуқий жавобгарлик чораси қўлланилган бўлса, турли идораларга қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан 74 та тақдимнома киритилди. Бу каби ҳолатлар турар жой биноларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

– Ўрганиш давомида маълум бўлдики, айрим ҳолларда қурувчилар томонидан белгиланган меъёрларга риоя этилмаётгани аниқланмоқда, – деди вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Акромжон Мухторов. – Масалан, Марҳамат туманидаги “Гулистон” МФЙ ҳудудида “Абдували транс сервис” МЧЖ томонидан қад ростлаётган иккита 5 қаватли турар жой бинолари қурилишида ҳам айрим камчилик­лар аниқланди. Юк кўтарувчи девор конструк­циялари орасига тўр қўйишда лойиҳа талабларига риоя қилинмаган. Пойдеворнинг тупроқ билан туташган жойларидаги изоляциялар сифатсиз бажарилган.

Маълумотларда кўрсатилишича, камчиликлар Жалақудуқ туманидаги 5 та 5 қаватли турар жой бинолари қурилишида ҳам юзага келган. 1-, 2-, 3-, 4-уйларнинг том қисмидан тушган сув тарновлари пойдевордан қочирилмаган. 2-уйнинг 3-қаватидаги 13-, 14- ва 15-хонадонларнинг девори шўрланиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган бўлсада, қайта таъмирланмаган.

Шунингдек, Қўрғонтепа туманидаги “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида “Сапфир садаф сервис” МЧЖ томонидан 4 та 7 қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда. Мутахассислар томонидан ўтказилган назорат жараёнида 2-уйнинг 1-қаватида ва 3-уйнинг 2-қаватида ички сувоқ ишлари сифатли бажарилмаганлиги аниқланди. 2-уйда ички электромонтаж ишларида сифат меъёрларига амал қилинмаган. Юқори қаватлардаги балконга чиқиш жойлари ва лифт шахталарига вақтинчалик ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган.

Кузатилган бу ҳолатлар тегишли идоралар томонидан аниқлангач, ўз вақтида чора кўрилиб, сифат меъёрлари таъминланишига эришилди. Бироқ, бизни бир савол ўйлантиради: қурилиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш учун қачонгача мутасаддиларнинг огоҳлантиришларини кутиш керак? Ҳар бир қурувчи ташкилот зиммасига юклатилган вазифани белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда амалга оширса, бажарган ишини ўз ­виждони олдида сарҳисоб қилса, бу каби кўнгилсизликлар юзага келмас эди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, биз қураётган бинолар бизнинг асл ҳолимизга берилган баҳодир! Энди айтингчи, ҳурматли қурувчи, сиз қандай бино қурмоқдасиз?

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img