Қурилиш соҳасида инсон омилисиз электрон давлат харидларини жорий этилганига роппа-роса бир йил бўлди. Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сон қарори билан жорий этилган эди.
2022 йил давомида ҳар хил молиялаштириш манбалари ҳисобидан бошланғич қиймати 21,83 трлн сўмлик 12511 та объект бўйича инсон омилисиз электрон тендер ўтказилди. Шундан, Давлат дастурлари бўйича бошланғич қиймати 14,3 трлн сўмлик 8467 та объект бўйича инсон омилисиз савдолар ўтказилди. Давлат дастурлари бўйича жами 698,8 млрд сўм иқтисод қилинган.
Инсон омилисиз электрон тендерларни жорий этилиши натижасида қурилиш соҳасидаги давлат харидларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди, қурилиш-пудрат ташкилотлари учун ҳаққоний рақобат бозори яратилди. Шунингдек, тендер жараёнларида инсон омили чекланиши натижасида коррупцияга барҳам берилди.
Энг асосийси, ушбу соҳадаги тадбиркорлик субъектларида ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳалол тендер ғолиби бўлиши мумкинлиги тушунчаси шаклланди. Шу билан бирга юқоридаги қарорда: – пудратчилар пудрат шартномасининг камида 60 фоизини ўз кучлари билан бажариши; – қурилиш ишлари ўз вақтида бажарилмаган тақдирда, то ушбу ишлар якунланмагунича янги тендерларга қўйилмаслиги; – шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда ушбу пудрат ташкилоти 24 ойга давлат харидларига киритилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Қурилиш-пудрат ташкилотларининг Давлат харидлари бўйича пудрат шартномалари ижросини ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим пудрат ташкилотлари ишларнинг катта қисмини субпудратчиларга бериб юбормоқда. Бу ҳолат солиқ органларига пудратчилар томонидан ҳар ойда топширилаётган счёт-фактураларга мувофиқ асосланмоқда.
Хабарингиз бор, солиқ органларига киритилаётган ҳисоб-фактураларда Давлат хариди объектининг тендер лоти ҳисоб-фактура топшираётган пудратчи томонидан киритилади. Бугунги кунда қурилиш соҳасида давлат харидларини ислоҳоти рақамлаштиришлар асосида амалга оширилмоқда. Бу дегани, ҳар бир қурилиш-пудрат ташкилотининг Давлат харидлари бўйича шартнома шартларини бажариш тарихи ўчмас маълумотлар базасига киритиб борилади ва эндиликда улар ушбу маълумотлар асосида сараланади. Бу ҳолатда қурилиш-пудрат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари ўз имижлари устида қаттиқ ишлашлари мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, кўп йиллик имиж бу катта ютудир.

