Фориш туманининг. ички йўлларини соз ҳолатга келтириш, мазкур йўналишда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадидаги ишлар айни кунларда қизғин давом этмоқда.
Жумладан, “Гараша” МФЙ ҳудудидаги Ғўробоғзи қишлоғи аҳолисини қишлоққа олиб борувчи йўлнинг носозлиги қийнаб келаётган эди. Масъулларнинг ташаббуси билан аҳолини қийнаб келаётган ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида қишлоққа олиб борувчи ички йўлни кенгайтириш, қум-шағал тўкиб текислаш ишларига киришилди. Бу ишларни амалга ошириш учун Фориш туман Ободонлаштириш бошқармаси ва туман “Автомобиль йўллардан фойдаланиш” давлат унитар корхонаси техника воситалари сафарбар этилган.
“Қўлба” МФЙда ҳам бу борада ишлар жадал давом этмоқда. Айни кунда 890 та хонадонда 4085 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғинининг Ёмбулоқ, Қўлба, Михин қишлоқларидаги жами 12 километр ички йўлларни кенгайтириш, қум-шағал тўкиб текислаш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, Амир Темур маҳалласи аҳолисини ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида ҳам бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда. Халқимизда сув келтирган элда азиз, деган ҳикматли гап бор. Маҳалла аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш учун жами 21 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, битта сув иншооти, 1 та трансформатор пункти ўрнатилди. Айни кунда ичимлик сув тармоғини аҳоли хонадонларига тортиш ишлари амалга ошириляпти.
Қувонарлиси шуки, Фориш туманида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш борасидаги ишлар хар бир ҳудудда олиб борилмоқда. Аҳоли мурожаатларига асосан масъуллар иштирокида Ғўроб, Ойбек маҳаллаларидаги ички йўллар сифатини яхшилаш, аҳолига ва транспорт воситалари ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш мақсадида босқичма-босқич ишлар давом эттириляпти.
Хусусан, Боғдон маҳалласидаги Амир Темур номли марказий кўчадан ҳар куни қўшни Навоий ва Бухоро вилоятларига, республикамизнинг турли ҳудудларига юзлаб автомобиллар қатнови амалга оширилади. Ушбу автомобиль йўлининг туман марказий шифохонаси тарафидаги қисми таъмирталаблиги боис аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Фориш туман автомобиль йўллардан фойдаланиш давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан айни кунда ушбу йўл таъмирланиб, Қизилқум маҳалласи чорраҳасигача бўлган қисмига асфальт қоплама ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур йўлнинг икки тарафида пиёдалар йўлаклари бунёд этилгани, тунги ёритгичлар ўрнатилгани, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолига, марказий шифохонага келиб-кетувчиларга ҳамда касб-ҳунар мактабида таҳсил олувчиларга қўшимча қулайликлар яратди.
Бундан ташқари, туманда кейинги йилларда таълимни ривожлантириш, ўқувчилар сони кўп бўлган умумтаълим мактаблари учун қўшимча бинолар бунёд этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида 14 та умумтаълим мактаби учун қўшимча бинолар қуриб фойдаланишга топширилди. Шу ўринда, Оқтепа маҳалласида жойлашган 30-умумий ўртатаълим мактабига айни кунда 2 қаватли, 180 ўринга эга бўлган қўшимча бино қурилиши жадаллик билан олиб борилаётганини ҳам эътироф этиш жоиз.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати масъулларининг маълум қилишича, Жиззах вилоятининг ҳудуд жиҳатдан энг катта туманида жорий йил давомида бу каби бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари юқори суръатда олиб борилиб, форишликларни қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилади.

