АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов аҳолидан соҳага оид келиб тушган бир қатор саволларга жавоб берди.
– Ижтимоий тармоқларда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаларига эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинди, деган хабар тарқалди. Бу қанчалик тўғри?
– Бу нотўғри хабар. Қонун қабул қилинса, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади. Юртдошларимизга бундай ёлғон ахборотларга алданиб қолмасликлари учун расмий мақомга эга бўлган ОAВларни кузатиб боришни тавсия қиламиз.
– Якка тартибда уй-жой қурмоқчимиз, фирибгарларга алданиб қолмаслик учун қонуний равишда қай тартибда ер олсак бўлади?
– Амалдаги қонунларимизга кўра, уй-жой қуриш учун ер участкаларини e-auksion.uz портали орқали очиқ онлайн аукционда иштирок этиб сотиб олишингиз мумкин. Aгарда бошқа фуқарога тегишли ерни сотиб олмоқчи бўлсангиз, унда барча ҳаракатларни ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатлар билан нотариал идоралар орқали амалга оширишингизни тавсия қиламиз.
– Мен ён қўшнимнинг уйини сотиб олиб, нотариал идора орқали расмийлаштирдим. Шу иккита ҳовли жой учун битта ҳужжат қилиб олсам бўладими?
– Албатта, буни имкони бор. Бунинг учун Кўчмас мулкни бирлаштириш ва унинг янги чегараларини белгилаш юзасидан давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали ариза қолдиришингиз керак бўлади. Aризангиз 13 иш кунида кўриб чиқилади.
– Кадастр ҳужжатини ҳар 5 йилда янгилаб туриш керак экан, деб эшитдим. Мен кадастримни 2015 йилда қилдирганман. Ҳозир уни янгилашим керакми?
– Бу нотўғри ахборот. Ҳар 5 йилда ка- дастр ҳужжатларини янгилаш керак, деган талаб қонунчилигимизда йўқ.
Кадастр паспорти қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади:
– кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи хатлов ишлари бажарилганда;
– кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки ер участкаси алоҳида бўлинганда;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилгандан сўнг уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганда;
– ер участкасининг майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда;
– кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда;
– кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгарганда;
– ўз ер участкасида тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд бўлганда.
– Ўзбошимчалик билан уй қурган эдим, кадастр ходимлари томонидан жаримага тортилдим. Aгар қурилмани бузсам жаримадан озод этиламанми?
– Aгарда ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 60-модда 2-қисми билан маъмурий иш очилган бўлса ва ҳуқуқбузар ноқонуний қурилмани ўз хоҳиши билан бузиб ҳолатни бартараф этса, бу ҳолда маъмурий иш 60-модданинг 4-қисми билан тугатилади ва ҳуқуқбузарлик бартараф этилганлиги боис жарима қўлланилмайди.


