Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўламининг йилдан-йилга ошиши фуқароларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, уларнинг ҳаёт тарзига енгиллик олиб кириш, қулайлик яратиш учун хизмат қилмоқда. Айниқса, жорий йилда аҳолини бир маромда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳани қайта ислоҳ қилиш йўлидаги ҳаракатлар аҳоли розилигига эришиш билан бирга, тизим ривожи учун ҳам муҳим аҳамият касб
этди.
Хусусан, жорий йил бошидан буён Сурхондарё вилоятининг ҳар бир маҳалласи,
ҳатто энг чекка маҳаллаларидаги хонадонларда ҳам газ таъминоти узлуксизлигини
таъминлаш “Ҳудудгаз Сурхондарё” филиали ходимларининг доимий диққат-марказида бўлиб келмоқда. Масъуллар томонидан совуқ об-ҳавода газ босими меъёридан пасайиши кузатилган ҳудудлар туман ва маҳаллалар кесимида таҳлил қилиб борилмоқда. Асосий сабаблар ўрганилиб, жорий йилда уларни бартараф қилиш чораларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ўтган йили вилоятда 107 минг 389 нафар
истеъмолчи табиий газ билан таъминланган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 129 мингга етди. Демак, табиий газга бўлган талаб ва эҳтиёж ортди. Уларга “зангори ёқилғи”ни бир маромда ва хавфсиз етказиш мақсадида газ тармоқлари ҳамда газ тақсимлаш пунктларининг созлиги назоратдан ўтказилиб, таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Хусусан, жорий йилда вилоят бўйича 7,5 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, пировардида ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли хонадонларида газ босими бир меъёрга келди.


