Қарши шаҳрида ўтказилган ярмарка нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноати каби тармоқларни қамраб олди. Унда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик бирлашмалари билан бир қаторда “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг реал ва потенциал ҳамкорлари,
ҳудудий саноат корхоналари иштирок этишди. Унда мезбон вилоятдан ташқари республиканинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ корхона ва компаниялар ўзларининг 1000 га яқин турдаги маҳсулотлари билан қатнашдилар.
Ярмаркада маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек, корхоналар ва истиқболли лойиҳалар тақдимотлари уюштирилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзоланди. Саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, тадбир давомида, чарм-пойабзал саноатининг энг фаол вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, нафақат маҳаллий фуқаролар ва саноатчилар, балки юртимизда фаолият юритаётган хорижий компаниялар вакилларини
ҳам диққат-эътиборини тортди. Бундан ташқари, ярмаркада ҳудудий корхоналар ҳам ўз лойиҳалари тақдимотларини ўтказиб, истеъмолчиларга янги маҳсулотларни намойиш этишди. Мисол учун, Косон туманидаги “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти ўз стендида янги ёғ заводида ишлаб чиқарилаётган ўсимлик ёғини ва экспортга жўнатилаётган тўқима матоларини ҳам кўргазмага қўйди. Маҳаллий корхоналардан яна бири, Қарши шаҳридаги “Standart-Pribor” илмий-ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамияти эса нефть ва газ саноати субъектлари учун мўлжалланган масофали сигнализация қурилмаси, терморегулятор, кучланиш инвертори каби маҳсулотларни намойиш қилган бўлса, Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасидаги “ALPTOM” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилган сэндвич панеллари ва профнастил каби қурилиш материаллари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


