Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари Қашқадарё вилоятида бўлиб, қурилиш ва коммунал соҳада тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан учрашув ташкил этдилар. Унда вилоятда фаолият юритувчи 20 нафарга яқин тадбиркор қатнашди.
Учрашувда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, Президентимиз таъкидлаганидек, давлат ташкилотлари тадбиркорларга тўсиқ эмас, аксинча, кўмаклашиши лозимлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, тадбирда тадбиркорлик субъектларининг бир қатор муаммо ва таклифлари қабул қилинди. Хусусан, “New cho‘lquvar” БСК раҳбари Ғ. Хўжаев маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўп қаватли уйларни таъмирлашга ажратиладиган маблағларни тўғридан-тўғри бошқарув сервис компанияларига ажратиш лозимлиги ва бу орқали бошқарув сервис компанияларининг молиявий аҳволи яхшиланишини, хусусан, ҳудудда синов тариқасида ақлли уй платформасини ишлаб чиқиш кераклиги тўғрисида ўз таклифларини билдирди. Тадбиркор Чироқчи туманида қурилиши режалаштирилаётган савдо дўкони ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини куз-қиш мавсуми келганлиги сабабли эртароқ бошлаши кераклиги, бунинг учун шаҳарсозлик ҳужжатларини белгиланган муддатидан олдин келишиб беришни сўради. Ушбу мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди. Мазкур жараён вазирлик масъуллари назоратида бўлиши алоҳида таъкидланди.


