Вазирлик вакиллари “Дунё қурилиш ҳафталиги – 2024” доирасида Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб, учрашув
ва музокараларда иштирок этишди. Хусусан, бино-иншоотларнинг энергия самарадорлиги юзасидан лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш, қурилиш нормаларини амалиётда қўллаш, бино фасадларида базальт қопламасидан фойдаланиш технологиялари юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, мутахассислар Урал тоғ-кон металлургия компанияси томонидан қурилаётган Муз саройи аренасида қўлланилаётган замонавий лойиҳа ечимлари, металл конструкциялардан оқилона фойдаланиб, бинонинг замонавий архитектура кўринишини лойиҳалаштириш ишлари билан танишишди.
Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институти ҳамда “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази” раҳбарияти ҳам иштирок этган ҳафталик доирасида ўтказилган ҳукуматлараро кенгашда 2021-2025 йилларда МДҲ давлатлари томонидан тасдиқлан- ган стратегияларга мувофиқ амалга оширилган ишлар таҳлили, 2026-2030 йилларда қурилиш соҳасида янги технологияларни жорий қилиш, техник меъёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда қурилишда сейсмик хавфсизликни таъминлаш концепцияси лойиҳаси, қурилиш соҳасида нархларни шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.


