|

|

2026 йил 27 Апрель, Душанба
spot_img

Интилганга толе ёр

Муҳим хабарлар

Ҳамза Шукуров
Ҳамза Шукуров
2018 йилдан буён “O‘zbekiston bunyodkori” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири сафатида фаолият юритиб келмоқда.

Пахтачи туманида туғилган Жамшиджон Абдуназаров ёшлигидан қурувчилик касбига меҳр қўйган замондошларимиздан. У соҳада тиним билмай изланяпти, ютуқларга эришиш учун дадил қадам ташлаяпти. Бугун ёш ишбилармоннинг номи нафақат Самарқанд вилоятида, балки республикамизда ҳам довруғ қозонмоқда. У ташкил этган “Жамшиджон универсал савдо” хусусий корхонаси энг намунали қурилиш ташкилотлардан бири сифатида эътироф этилаётир. Корхонанинг келажакдаги режалари борасида мухбиримиз Ҳамза Шукуров Жамшиджон Абдуназаров билан суҳбатлашди.

– Аввало ўзингиз ва корхонанинг ютуқлари тўғрисида гапириб берсангиз.

– Кўп болали оилада камолга етганман. Бинокорлик касбига қизиқишимнинг сабаби отам ҳам, онам ҳам қурилиш соҳасида меҳнат қилиб, беш нафар фарзандни вояга етказишган, қолаверса, шу севимли касблари орқали эл ўртасида обрў топишган. Соҳага кириб келишимга улар таъсир кўрсатишган. Қизиқишим туфайли мактабни тамомлагандан сўнг касб сирларини ўзлаштиришга аҳд қилиб, қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежида таҳсил олганман. Шундан кейин Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ўқишни давом эттирдим. Олий маълумотли мутахассис бўлгач, ўз йўналишим бўйича турли жойларда ишлаб, тажриба орттирдим.

Давлатимиз ишбилармонликни ривожлантиришга эътибор қаратаётгани, ёшларнинг ҳаётдан муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар бераётганидан фойдаланиб, 2010 йилда “Жамшиджон универсал савдо” хусусий корхонасига асос солганман. Мана, ўшандан буён жамоа билан халқимиз хизматида, эл-юрт манфаати йўлида меҳнат қиляпмиз. Барча ютуқларимиз замирида ғайрат-шижоат турибди.

– 2022 йил ижтимоий соҳа объектлари қуриш бўйича ўтказилган тендер корхонангизга омад келтирган экан, шу ҳақда гапириб берсангиз.

– Очиғи, ўзимиз ҳам кутмаган эдик. Тендер савдолари орқали вилоятда барпо этиладиган ва таъмирталаб еттита ижтимоий соҳа объектини ютиб олишимизни вазирлик томонидан ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг афзаллиги, деб биламан. Тармоқдаги давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ҳужжатларнинг электрон шаклда айланишини таъминлаш, барча маълумотларни автоматик тарзда шакллантириш имконияти яратилгани бизга қанот бағишламоқда. Айни пайт­да Каттақўрғон шаҳридаги тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиника биносини 200 ўринли оилавий поликлиникага мослаштириш, 5- ва 8-мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш, Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг 500 ўринли талабалар турар жойи биносини қуриш, Нарпай туманидаги 33-мактаб, Пахтачи туманидаги 27-, 46- мактаблар, 2-мактабгача таълим ташкилотини мукаммал таъмирлашда ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

– Ҳозир кўплаб соҳалар каби қурилишда ҳам кластер тизимига ўтилмоқда. Бу борада қандай режаларни амалга ошираяпсизлар?

– Ҳар қандай қурилишда сифатга эришиш учун ишлатилаётган материалларга боғлиқ. Шуни ҳисобга олиб анча илгари бу ишга киришганмиз. Яъни, айни пайтда ўзимизга тегишли тош-шағал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, қурилиш материалллари ишлаб чиқарувчи, ғишт маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, тайёр бетон ва бетон маҳсулотлари, пайвандлаш цехларини йўлга қўйганмиз. Бу юмушларни амалга оширишда маслаҳатчилар, тажрибали усталар, акам Шерназар Худойназаров, иш юритувчи Эркин Қурбонов, муҳандислар Эсон Сафаров, Обид Назаров, оператор Аслиддин Ачилов, машинист Азамат Жўраев, шунингдек, Умиджон Шомуродов, Ғайратжон Буранов, Акмал Бобожонов, Расул Шукуров кабилар катта ёрдам беришаётир. Aйтиш жоизки, ишимизни енгиллаштиришда 10 дан зиёд техника воситалари асқатмоқда.

– Ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар ҳақида гапирсангиз

– Корхонамизда 138 нафар киши меҳнат қилади. Мавсумларда эса 300 нафардан кўпроқ кишини ишга оламиз. Улар билан индивидуал суҳбат ўтказишга алоҳида эътибор қаратаман, техника хавфсизлиги бўйича тушунтириш берамиз. Қолаверса, уларнинг иши, дам олишлари, овқатланиши доимий назоратда бўлади. Маошлар ҳам ўз вақтида бериб борилиши ишга иштиёқини ошириш билан бирга, янги ютуқларга
бошлайди.

– Корхона мутахассислари аҳолига уй-жойлар қуриш борасида анча тажрибага эга эканини эшитдик.

– Дарҳақиқат, шундай, қайси қурувчи бу борада ўз салоҳиятини синаб кўрмайди, дейсиз. Туманимиздаги Истиқлол маҳалласида кўп қаватли хонадонлар бунёд этишга киришганмиз. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Елабод посёлкасида ҳам “Янги Ўзбекистон” массивини қуришга баҳоли қудрат ҳисса қўшяпмиз. Ҳозир бунёдкорларимиз бу ердаги 5 қаватли 30 хонадонли 2 та, 5 қаватли 24 хонадонли 2 та, 5 қаватли 20 хонадонли 6 та турар жойни фойдаланишга топширишга ҳаракат қилишмоқда.

–  Ҳамкасбларга байрам табригингиз бўлса керак.

– Албатта, нафақат жамоамизни, балки республикамизда шу шарафли касбни ардоқлаётган ҳамкасбларимни қутлуғ кун билан чин қалбдан муборакбод этаман. Уларнинг келгуси ишларига ривожу равнақ, ҳаётларига бахт-саодат тилайман.

 

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img