Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бугунги куннинг энг асосий масалаларидан биридир. Айниқса экологияси оғир, суви шўр бўлган Хоразм вилоятида бу масала янада долзарблик касб этади.
Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда барча дастурлар доирасида давлат бюджетидан 258 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунинг ҳисобига 524,3 километр тармоқ ва 7 та ичимлик суви иншоотлари қурилди. Натижада воҳа аҳолисининг 90,4 фоизини марказлашган ичимлик суви билан таъминлашга эришилди. Бу кўрсаткич 2020 йилда 75,9 фоизни ташкил этар эди. Яқинда Боғот туманидаги Меҳнат гули ва Оқ олтин маҳаллаларида яшовчи аҳоли ҳам тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлдилар. Бу ҳудудга 35,6 километр ичимлик суви тармоғи тортилди ва мавжуд сув тақсимлаш иншоотига 3 та насос агрегат янгитдан ўрнатилди.
– Боғот туманида жами 43 та маҳалла мавжуд бўлиб, шуларнинг 41 тасига тоза ичимлик суви етиб борган эди, – деди “Хоразм сув таъминот” АЖ Боғот тумани филиали раҳбари Анвар Муродов. – Меҳнат гули ва Оқ олтин маҳаллалари аҳолиси ҳам эндиликда бу қулайликдан баҳраманд бўлишмоқда. Маҳалла фаоллари ва мутасаддилар аҳоли хонадонларида бўлиб, маданиятли истеъмолчи бўлиш, сувдан оқилона фойдаланиш ва уни исроф қилмаслик, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш каби тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Бу каби ишлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.


