Президентимизнинг 408-сонли қарори ва яна бир қатор давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ҳудудларда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, аҳолига барқарор электр энергияси етказиб бериш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” AЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан амалий ишлар давом этмоқда.
Хусусан, Ховос туманининг “Оқ чангал” МФЙга 85 дона темир-бетон устун олиб келиниб, 10 км масофада электр узатиш тармоқлари ва 2 дона 160 кВA қувватдаги янги трансформатор ўрнатиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. Ушбу ишлар якунига етгач, хонадонлар сифатли электр энергияси билан таъминланади.
Бундан ташқари, “Ҳудудий электр тармоқлари” AЖ Сирдарё ҳудудий филиалининг Юқори кучланишли тармоқлар хизмати ходимлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Улар ҳар қандай шароитда аҳолига сифатли электр энергияси етказиб бериш йўлида меҳнат қилишмоқда. Жумладан, ходимлар М-39 автомобиль йўли кесишмасида жойлашган Л-110 кВ кc-3 A юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларининг эстетик холатини яхшилаш мақсадида бўяш ва жорий таъмирлаш ишларини олиб боришмоқда.


