Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Россия Федерацияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Музиченко бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосари Тоир Aлиматов ва бошқа масъуллар иштирок этишди. С. Музиченко Ўзбекистонда уй-жой ва коммунал соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамлаштиришга оид олиб борилаётган чора- тадбирлар ҳамда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг имкониятлари билан танишди.
Вазирлик масъуллари Даврон Милиев ҳамда Марат Загруддинов учрашув қатнашчиларига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳақида ўз тақдимотлари орқали маълумот беришди. Мазкур тизимнинг асосий модуллари сифатида “Қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ахборот тизими” платформаси орқали бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, уларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш, кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмагани тўғрисида маълумотнома бериш каби бир неча давлат хизматлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилишлари ва қисқа муддатларда тегишли экспертиза хулосаларини олишлари мумкин. Энг муҳими, онлайн равишда аризанинг ҳар бир босқичини мониторинг қилиш имконияти яратилган. Қурилипудрат ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизимига бугунги кунда республикада фаолият юритаётган кўплаб пудрат ва лойиҳа ташкилотлари киритилган. Навбатдаги модул қурилиш соҳасида кўрсатиладиган электрон хизматларни мониторинг қилиш ва ҳар бир объект кесимида босқичма-босқич амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жам қилган “Мақсадли дастурлар мониторинг” электрон тизимидир. Ушбу тизим “Шаффоф қурилиш” тизими қошидаги бошқа тизимлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиб, бу ўз навбатида амалдаги муаммоларни ечиш имконини бермоқда.


